Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:43

Кремль Ўзбекистон раҳбарини қувватлагани учун танқид қилинди


Москвадаги Мустақил матбуот марказида “Андижон воқеаларидан кейин Россия ва ЕИ Ўзбекистон билан мулоқот қилмоқдами ëки диктатурани қўллаб-қувватлаяптими” мавзуида анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда “Мемориал”, “Фуқаровий кўмак”, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, Андижон воқеаларидан кейин ўтган икки йил давомида Ўзбекистондаги сиëсий вазият таранглашгани ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол ëмонлашганини таъкидлади.

“Анжуманда Россия ҳукуматининг Каримов режимини қўллаб-қувватлагани танқид қилинди. Шунингдек, Андижондаги қонли воқеалар акс этган ҳужжатли кадрлар намойиш қилинди”, - деди анжуман иштирокчиси, “Мемориал” фаоли Баҳром Ҳамроев.

ҲРУнинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан мулоқоти ҳақида гапирди.

“Мен ЕИнинг Ўзбекистондаги роли ҳақида гапирдим. Бугун жуда муҳим кун, чунки айнан бугун Брюсселда Ўзбекистонга нисбатан санциялар масаласи кўриб чиқилади. Шанхай ҳамкорлик ташкилотидан кейин ЕИ Ўзбекистонга таъсир қилиши мумкин бўлган тузилма бўлиб қолмоқда”, - деди А.Гилл.

Тадбирдаги маърузасида А.Гилл хоним ЕИ Ўзбекистон билан мулоқотни қатъий талаблар ва принциплар устига қурмоғи кераклигини таъкидлади ва Ўзбекистондаги барча сиëсий маҳбуслар озод қилиниши зарурлигини билдирди.

Шунингдек, у Кремль раҳбариятининг Каримов режимини қўллаëтганини танқид қилди.

“Кремль бугун Каримов режимини қўллаëтганлар сафида илғор. Кремль мулозимлари Ўзбекистон фуқароларини Россия ҳудудида ушлаб, шу режим қўлига топширяпти. Россиядаги ўзбеклар уйдирма айбловлар билан судга тортилмоқда”, - деди Гилл хоним.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябинина сўзларига кўра, Россиянинг Каримовни қўллаш сиëсати кўпгина ўзбек муҳожирларнинг тақдирини остин-устун қилмоқда.

“Менимча, Россия ўзбек раҳбарининг диктаторлик анъаналарини қўлламоқда. Тақдири қил остида турган “Иваново ўзбеклари” иши бунга мисол. Европа суди уларни Ўзбекистонга депортация қилмаслик ҳақида қарор чиқарган бўлса-да, уларга ҳалигача учинчи давлатга чиқиб кетишга рухсат берилмаяпти. Андижон қирғинидан кейин Ўзбекистонни қўллаётган Россия раҳбарияти танқидга лойиқ”, - деди Е.Рябинина.

Алисон Гилл Россия матбуоти бу танқидларни Кремлга етказиши кераклиги, аммо мазкур матбуот жилови ҳам Кремль қўлида эканини айтади.
XS
SM
MD
LG