Линклар

Пол Вульфовицга жазманнинг юки оғир келмоқда

  • Сарвар Усмон

Ўз вақтида АҚШнинг Ироққа бостириб кириш режаси муаллифларидан бўлган, айни пайтда эса Жаҳон банки президенти Пол Вульфовицнинг ўз лавозимида қолиш-қолмаслиги шу кунда савол остида турибди.

Кейинги ҳафталарда Жаҳон банкининг Вашингтондаги қароргоҳи олдида вақти-вақти билан норозилик акциялари ўтказиб турилди.

Норозиликлар Пол Вульфовицнинг ўтган ойда фош қилинган бир хуфя иши – у бошқарган банкда ишлаган жазмани Шаҳа Ризони жазмани бўлгани учунгина юқорироқ лавозимга кўтаргани ва маошини кескин оширгани маълум бўлиб қолгач, бошланган эди.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг ёши 63га чиққан собиқ вакили Пол Вульфовиц қонунга хилоф иш қилмаганлигини такрор-такрор таъкидлади.

Можарога қарамай, уни Буш маъмурияти қўллаб келмоқда. Бироқ банк бошқарувининг 15 май кечга яқин ўтказиладиган мажлисида Пол Вульфовиц амалда қолиш-қолмаслиги узил-кесил ҳал бўлиши мумкин.

Пол Вульфовиц жазмани маошини оширганини ўз хатоси сифатида тан олиб, можаро бошланган кунлари жамоатчиликдан узр сўраган эди. Бироқ Жаҳон банки этика бўйича комиссиясининг 14 май кунги баёнотида “Вульфовиц хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган”, деган хулоса битилган.

Пол Вульфовиц фикрича, комиссия унинг ишига холис ёндашмаган, ҳимоясига хизмат қилиши мумкин бўлган ҳужжатларни инобатга олмаган.

Америкалик таҳлилчи Стив Клемонснинг таъкидлашича, Вульфовицга мухолиф кучлар унга нисбатан муносабатни Мудофаа вазирлигидаги фаолиятидан келиб чиқиб қурмоқда, деган фикрни билдирмоқда.

АҚШ вице-президенти Дик Чейни эса Американинг “Fox News” телеканалига яқинда берган интервьюсида Пол Вульфовицни “Жаҳон банкининг жуда яхши президенти”, деб баҳолаган ва унинг ўз амалида қолишига умид билдирган.
XS
SM
MD
LG