Линклар

Кўп болали бувилар

  • Сарвар Усмон

Ишсизлик кўламининг кенглиги, ишлиларга берилаётган иш ҳақининг эса муносиб ҳаёт кечириш учун етарли эмаслиги туфайли кейинги йилларда юз минглаб ўзбекистонлик иш излаб ташқарига чиқиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Бу ҳолат жамият ҳозирча сезмаётган, вақти келиб эса кўплаб муаммоларга сабаб бўлиши мумкин бўлган ижтимоий ҳодисани пайдо қилди.

Айтаётганимиз ҳодиса ота-онаси иш излаб кетиб, буви ва бувалари қўлида ўсаётган болалардир.

“Озодлик” мухбири жаҳон бўйлаб нишонланаётган Оила кунида ўзбекистонлик бир-икки бувининг ҳасратларига қулоқ тутди.

Ҳалима опа ўзбекистонлик кўп болали бувилардан бири. У саккизта неварани боқмоқда.

“Ўғил-қизларим иш излаб кетган. Саккиз йилдан бери уларнинг болаларини боқаман”, - дейди Ҳалима опа.

Бир пайтлар Ҳалима опа харитадан ҳатто ўзи яшаб турган Андижонни топа олмасди. 8 йилдан бери жўғрофия муаллими даражасига етиб қолаёзди. Унинг бир ўғли ва бир қизи Россияда. Яна бир ўғли Кореяда. Андижонда эса у каби кўп болали бувилару бувалар жуда бисёр.

Жиззахлик Зулфия опа ҳам кўп болали бувилардан бири. У икки неварани тетапоя қиляпти.

Бир қарашда Зулфия опанинг юки енгил кўринади. Ҳар ҳолда 8 та эмас-ку, Ҳалима опаникидай. Лекин...

“Куёв болам Москвага ишлашга кетганди. Бултур кузда ўлдириб кетишди. Ёқиб юборишибди. Кулини олиб келиб кўмдик. Қизим болалари билан келиб ўтирибди ”, - дейди Зулфия опа.

Зулфия опа – бева. Унинг вояга етмаган уч фарзанди бор. Эри ўлган қизи ҳам мана 7 ойдирки, унинг уйида яшаяпти. Шу кунда Зулфия опаникида унинг ўзини қўшиб ҳисоблаганда 7 киши яшайди. Хўш, шунча одам нима еб, нима ичяпти?

“Иккита боламга 30 минг сўм пенсия, 12 минг сўм нафақа оламан. Бундан ташқари, кичкина дўконим бор. Шу билан 7 кишини боқаман. Қорнимизга есак, устимизга йўқ. Устимизга олсак, қорнимиз оч қолади”, - дейди Зулфия опа.

Зулфия опа невара боқаётган бир ўзи эмас, Жиззахда ундайлар кўплигини айтгандан сўнг “Озодлик” мухбири Жиззахга тасодифий рақамга қўнғироқ қилганида телефон гўшагини кўтарган аёл: “Яхши бўлди, телефон қилганингиз. Чарчадим бу қийинчиликлардан. Гапиравераман энди. Менга деса ўлдириб юборишмайдими”, - дея гап бошлади.

Суҳбат давомида аён бўлдики, унинг ҳам фарзандлари Россияда, невараларини эса ўзи катта қиляпти.

-
Невараларингизнинг тарбияси қандай бўлаяпти? Ота-онаси Россияда юрган бўлса...
-
Қандай бўларди, очин-тўқин катта бўлишяптида...

Андижонлик Ҳалима опа эса бувилари қўлида қолган болалар тарбияси тўғрисида гапирар экан: “ Албатта, ота-онасининг олдида бўлса, яхши бўларди. Биз, каттабувилар, кўнгли оғримасин, деб юмшоқ гапирамиз, тарбияси бузилади-да... ” - дейди.

Ота-онаси узоқда, буви ва бувалари қўлида ўсаётган юз минглаб ўзбек ўғил-қиз – бутун бошли бир янги авлод эрта ўтиб, индинга жамиятга қўшилади. Бу янги генерация – набиралар авлоди қандай авлод бўлади? Ота-она меҳрини кўрмай улғайган бу йигит-қизлардан нимани кутишимиз керак? Бу жамиятшунослар ҳозирданоқ ўйлаши лозим бўлган масаладир.

Янги авлоднинг ўзгачалигини эса ўқитувчилар ҳозирданоқ сезмоқда.

“Шу кунда ўқувчилардан ярмининг ота-онаси Қозоғистонда, Россияда. Бувилар невараларини етарли назорат қила олмайди, натижада болалар ҳеч кимга қулоқ солмайдиган, ҳеч кимни тан олмайдиган бўлиб ўсяпти, ҳар хил гуруҳларга қўшилиб кетяпти”, - дейди муаллима Гулнорахон.
XS
SM
MD
LG