Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:30

Андижон воқеаларининг икки йиллигига Ўзбекистон ОАВ қанчалик эътибор берди?


Christian Science Monitor” газетасида эълон қилинган “Андижон воқеалари нега Ўзбекистонда етарлича ëритилмади” сарлавҳали мақолада Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқолиб бораëтгани, мустақил журналистларнинг таъқиб қилиниши давом этаëтгани, дунё мамлакатлари орасида матбуот эркинлиги бўйича “Ёмонларнинг ёмони” сафидан жой олгани айтилади.

Мақола муаллифи Майкл Жордон Андижон воқеаларининг икки йиллиги арафасида аслида ўнлаб хорижий журналистлар Ўзбекистонга бориши лозимлигини ҳамда икки йил ўтиб ҳам мамлакатдаги вазият ўзгармагани ва сўз эркинлиги топталишда давом этаëтгани ҳақида ëзган бўлиши кераклигини айтади.

Журналист Ўзбекистонда вазият яхши томонга ўзгармаганини яқинда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида бир неча ўзбек журналисти иштирокида бўлиб ўтган Братислава-Тошкент видеокўприги натижаларидан олган хулосаларига асосланиб ëзади.

“Бу видеоанжуманга жуда қаттиқ тайëрланишим керак, деган хаëлга бордим. Чунки “Human Rights Watch”, “Amnestey International” ва шу каби халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг Ўзбекистондаги вазият борасида эълон қилаëтган ҳисоботларидан мунтазам равишда хабардор бўлиб борардим. Мен бунгача “оловли нуқталар”да ишлаган журналистлар билан ҳам суҳбатлашганман. Ўзбекистонлик журналистлар билан учрашишдан мақсад у ердаги ҳамкасбларимга улар ëлғиз эмаслигига ва мамлакатдаги вазиятлардан халқаро жамоатчиликнинг ҳам хабари борлигини етказиш эди”, - дейди Майкл Жордон “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, видеоанжуман Андижон воқеаларининг икки йиллигига эмас, балки Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишлаб ўтказилган.

“АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси бу видеокўприкни ўтказиш учун олдиндан рухсат олган эди. Мақсад Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни ëки журналистлар маълум бир муҳитда фаолият юритишини танқид қилиш эмас эди. Биз, биринчи навбатда, Жаҳон матбуоти куни нишонланаëтгани ва шу баҳонада Америка, Европада сўз эркинлиги қанчалик таъминлангани ҳақида суҳбатлашдик. Шундан кейин улар дарҳол ўзлари ишлаëтган аҳвол ҳақида гапира бошлади”, - дейди М.Жордон.

М.Жордон видеоанжумандан бугун Ўзбекистонда ўзгача фикрловчи журналист учун нон йўқлиги ва унинг таъқиб қилиниши эҳтимоллари ортиб бораëтгани ҳақида хулоса чиқарганини айтди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили Элза Видал ҳам ҳозир Ўзбекистонда мустақил маҳаллий ва хорижий журналистлар учун ишлаш мушкуллигини билдирди.

“Ҳозир ҳам ўзбек ва хорижий журналистлар учун ҳукумат истамаган у ëки бу мавзуни ўрганиб, ташқарига маълумот олиб чиқиш қийин ва хавфлидир. Андижон воқеаларининг икки йиллиги ҳақида Ўзбекистонда кўп ҳам гапирилмагани фикримга яққол далилдир”, - деди Элза Видал.

Хўш, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда Андижон воқеаларининг икки йиллиги етарлича ëритилмадими?

Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” дирекцияси ходими Нодир бу саволга “ҳа”, деб жавоб берди.

“Андижон воқеаларига халқнинг муносабати, кенг жамоатчиликнинг фикрини ўз вақтида берганмиз. Бу мавзуни бизчалик ëритган оммавий ахборот воситаси бўлмади. Аммо Шарқда фожеанинг ëмон тарафларини қайта-қайта эсга олиш одати йўқ. Фақатгина ундан тўғри хулоса чиқариб, тўғри йўлда ҳаëт кечириш бизнинг менталитетга хос нарса”, - деди Нодир.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов эса Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида Андижон воқеаларининг икки йиллиги деярли эсланмаганини таъкидлади.

“Матбуотни кўп кузатиб борувчи фаол ўқувчи сифатида айтишим мумкинки, ўзбек журналистлари мавзуга ëндашгани ëки бирор объектив ëхуд субъектив фикр билдириб мақола ëзгани йўқ. Чунки юқоридан бу ҳақда бирор буйруқ бўлмади”, - деди А.Ташанов.
XS
SM
MD
LG