Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:09

Тожикистон Марказий Осиё иттифоқида: Қаршилар ҳам, тарафдорлар ҳам кўп


Қозоғистон раҳбари томонидан ўртага ташланган Марказий Осиё давлатларини битта иттифоққа бирлаштириш ғояси Тожикистонда ҳам айрим баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Қозоғистон ҳукумати айни масалада Тожикистоннинг мавқеини билиш ниятидаги илк қадамини қўйди.

Қозоғистоннинг Душанбедаги элчиси Ерлан Абилдаев шу мақсадда Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий билан учрашди. Мазкур учрашувда Тожикистон ташқи ишлар вазири ўз мамлакати минтақа давлатлари интеграцияси тарафдори эканини таъкидлаган.

Тожикистон ҳукумати ягона иттифоқ ғояси ҳақида ўз расмий қарашини ҳали баён қилмаган бўлса-да, кузатувчилар бу ташаббус ҳақида турли фикрлар билдирмоқда.

Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғи Абдунаби Сатторзода Н.Назарбоев илгари сурган ғоя Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун муҳим эканини таъкидлади.

“Бироқ жуда пухта ва чуқурроқ ўрганилмай туриб, бу ғояни амалга ошириш учун бир қадам ҳам олға ташлаш мумкин эмас. Гап шундаки, минтақа давлатларининг ҳар бирида фақат ўша давлатнинг ўзигина ҳал этадиган масалалар мавжуд. Яқин ва узоқ хориж давлатлари аралашуви вазиятни баттарроқ таранглаштиради”, - деди А.Сатторзода.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон яқинда парламент палаталарининг қўшма мажлисида қилган йиллик анъанавий маърузасида минтақа давлатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун махсус ташкилот тузиш таклифини киритган эди.

А.Сатторзода Тожикистон президентининг таклифи Қозоғистон президенти ғоясидан анча устунроқ эканини, чунки у давлатлар миллий механизмидан устун бўлмаган, балки фақат давлатлараро иқтисодий ҳамкорликка қаратилганини айтади.

“Бу ташкилотнинг асосий мақсади давлатлараро иқтисодий ҳамкорликни юксалтиришдан иборат бўлади. Бундай муаммолар эса Марказий Осиё давлатларида талайгина. Жумладан, сув захираларини давлатлар ўртасида тўғри тақсимлаш муаммоси. Кўпгина жанжалларга сабаб бўлиб келаётган бу муаммо йиллар давомида ҳал бўлмай қолмоқда”, - деди А.Сатторзода.

Қозоғистон президенти илгари сурган ягона иттифоқ ғоясини қўллаб-қувватловчилар орасида оддий тожикистонликлар кўпчиликни ташкил этади.
Чегара муаммоларидан чарчаган, борган сари ўз яқинларидан ажраб қолаётган оддий тожикистонликлар шундай бир иттифоқ тузилиши тарафдори эканини айтмоқда.

Айрим кузатувчилар эса бу иттифоққа қўшилиш ортидан Тожикистон ўз мустақиллигидан айриб қолиши мумкинлигини таъкидлаётир.

Жумладан, кузатувчи Рашид Ғани фикрича, ягона иттифоққа бирлашиш ниятида бўлган минтақа давлатларида иқтисодий тенглик бўлиши шарт.

“Акс ҳолда иқтисодий жиҳатдан кучли ва минтақада етакчилик қилиш ниятида бўлган давлат ташкилотдан ўз сиёсий манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкин. Масаланинг бошқа томони шундаки, минтақа давлатларидаги 50 миллиондан ортиқроқ аҳолининг деярли 7 миллионини тожиклар ташкил этади. Туркийзабон тўрт давлатга қўшилган Тожикистон ўз маданияти ва тили, борингки, мустақиллигидан ажралиши турган гап”, - деди Рашид Ғани.

Аммо кузатувчи Исмоил Раҳматов бу фикрларга қўшилмаслигини, зеро минтақа давлатларининг барчасида тожиклар яшаётганини таъкидлади.

“Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам тожиклар бор. Иттифоққа қўшилиш мамлакат ташқарисидаги тожиклар манфаатларини ҳам назарга олиш демакдир. Тожикистон туркийзабон давлатлар қуршовида қолаётганидан чўчиш ноўрин. Аксинча, давлатлараро рақобат боис, минтақа давлатлари фуқаролари ўз маданияти ва тилини сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун ҳаракат қилади”, - деди А.Раҳматов.

Шунингдек, у айрим кузатувчиларнинг Тожикистон Эрон билан иттифоқ бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрларига қўшилмаслигини билдирди.

“Чунки, - деди у, - шиа мазҳабидаги Эрон ҳеч қачон сунъий мазҳабдаги Тожикистон билан ягона иттифоқ туза олмайди”.

Тожикистон сиёсатшунослари миллий уюшмаси раиси Абдуғани Мамадазимов эса МО давлатларининг иттифоқ шаклидаги интеграциясига қўшни Афгонистонни ҳам қўшиш орқали тожикларнинг ўзлиги сақлаб қолиш мумкинлигини билдирди.

“Тожиклар ўз тили ва маданиятини йўқотиши мумкинлигига оид фикрларда асос бор. Иттифоқда етакчилик қиладиган туркийзабон раҳбарлар тожиклар тили ва маданиятининг ривожланишига тўсиқ бўлиши турган гап. Қўшни Афгонистонда тожиклар кўпчилик. Шу нуқтаи назардан Тожикистон иттифоққа Афгонистонни ҳам қўшиш таклифини киритса ва агар Афғонистон ҳам унга бирлаштирилсагина тожиклар мустақиллиги сақланиб қолиши мумкин”, - деди А.Мамадазимов.
XS
SM
MD
LG