Линклар

Адлия вазирлиги Гёте институтини қонунбузарликда айблади

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Германияга қарашли Гёте институтининг Тошкентдаги филиалини маҳаллий қонунларни бузишда айблади ва бу қонунбузарликлар бартараф этилмаса, унга қарши чора кўрилишидан огоҳлантирди.

Росссиянинг “Новости” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Гëте институти филиали Ўзбекистонда тўққиз йилдан бери фаолият юритмоқда ва унинг фаолияти Адлия вазирлиги томонидан илк бор текширилган ва текширувлар чоғида жиддий қонунбузарликлар аниқланган.

Хабарда айтилишича, маҳаллий қонунларга зид равишда Гëте институти Тошкент бўлими тўққиз йил мобайнида Адлия вазирлигига бирор маротаба ҳисобот топширмаган. Ходимларни ишга олиш ва улардан солиқ ундиришга оид ҳужжатлар ҳам текширув пайтида топилмаган. Бинони ижарага олиш ва бўлим раҳбарининг қонуний ишлашини таъминловчи ҳужжатлар ҳам вазирликка тақдим қилинмаган.

Адлия вазирлиги вакили Жалол Абдусатторовнинг билдиришича, текширув давомида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ҳақидаги баённома ёзма тарзда Гёте институти Тошкент бўлими раҳбариятига топширилган. Агар бўлим бу камчиликларни ўз вақтида бартараф этмаса, унга қонун асосида чора кўрилади.

Марказий Осиë мавзусини ëритиб келаëтган германиялик журналист Нина Брянцева Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши санкциялар муддатини олти ойга чўзгандан сўнг Германияга қарашли нодавлат ташкилотга қарши эълон қилган бу айблов расмий Тошкентнинг ўзига хос муносабатидан дарак эканини айтади.

“Бу тафтишлар сал олдинроқ бошлангандир, аммо нега келиб-келиб ЕИ Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни узайтирганидан сўнг бу ҳақда хабар қилинмоқда? Бундан муддао нима? Расмий Тошкент Германиянинг нодавлат ташклотини гаров сифатида кўрмоқдами? Тўғриси, мен буни изоҳлашим қийин, - деди Н.Брянцева.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Искандар Худойберганов эса расмий Тошкентнинг ЕИнинг санкциялар масаласидаги қароридан кейинги бу қадамини “аламзадалик”, деб атади.

Аммо Адлия вазирлиги вакили Ж.Абдусатторов бу фикрни рад этди.

“Бу бўҳтон. Мен шундай ҳисоблайман. Санкцияларнинг бу қарорга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Гёте институтидаги текширувлар бошқа нодавлат ташкилотлар қаторида режа асосида ўтказилган”, - деди Ж.Абдусатторов.

Гёте институтининг Тошкентдаги ҳамкорларидан бири сўзларига кўра, бу ташкилот немис маданияти ва тилини тарғиб қилиш билан шуғулланади.

“Дунёнинг кўплаб мамлакатларида фаолият кўрсатадиган бу ташкилот илгари Беларусдагина муаммоларга дуч келган. Энди навбат Тошкентга келибди-да”,- дейди суҳбатдош.

Ҳуқуқ ҳимоячиси И.Худойберганов фикрича, бу ташкилот немис тили ва маданиятини тарғиб қилиш орқали ҳам у ердаги ҳаёт тарзи, демократия ғояларини Ўзбекистонга олиб келиши табиий. Ўзбекистон расмийлари айнан шундан чўчиган бўлиши мумкин. Бу эса Ўзбекистоннинг дунë демократик ҳамжамиятидан ажралиб, маҳдудликка қараб кетаëтганидан даракдир.
XS
SM
MD
LG