Линклар

logo-print

“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистонни яна ёмонлар сафига қўшди

  • Озодлик

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти логоси.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти логоси.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг дунë мамлакатларида матбуот эркинлиги бўйича эълон қилган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон яна матбуот эркинлиги ёмон мамлакатлар рўйхатидан жой олган.

Ҳисоботда 2006 йилда Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ўзгармагани, ўзгача фикрловчиларнинг таъқиб қилиниши давом этаëтгани ҳамда Интернет назорат остига олингани таъкидланган.

Шунингдек, унда Андижон воқеаларидан сўнг ҳукумат ўнлаб ноҳукумат ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларини мамлакатдан чиқариб юборгани ҳамда сўз эркинлиги топталишда давом этаëтгани ëзилган.

Ҳисобот муаллифлари “Немис тўлқини” радиосининг Ўзбекистондаги мухбири Обид Шабонов расмийлар томонидан нотўғри маълумот тарқатганликда айбланиб, 2006 йил 15 мартда унинг аккредитацияси бекор қилинганини эслатган.

Шу билан бирга, нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилгани ва “сиёсий жиҳатдан ишончсиз” бўлгани учун “Правда Востока” газетасининг бир неча журналисти, жумладан, “tribune-uz.info” сайтига мақолалар ёзган Жамила Аипова ва Ольга Фозилова ишдан бўшатилгани айтилади.

“2006 йил Ўзбекистонда ўзгача фикрловчи журналистларнинг айримлари ҳибсга олинди, Интернет расмийлар назоратига ўтди. Хорижий оммавий ахборот воситаларига аккредитация масаласида рад жавоби берилди. Жамшид Каримов каби журналистлар мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига ëтқизилди. Бу ҳаракатлар Ўзбекистонда ҳамон собиқ совет давридаги тизим сақланиб қолганидан далолат беради”, - деди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили Элза Видал “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият яхши томонга ўзгариши учун, биринчи навбатда, мамлакат қамоқхоналарида қолаëтган барча ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар озод қилиниши керак.

“Вазият яқин келажакда яхши томонга ўзгаришини айтиш қийин. Биз бундан аввал ЕИга Ўзбекистон билан мулоқотда инсон ҳуқуқлари масаласини биринчи планга чиқариш кераклигини айтганмиз. Масалан, Умида Ниëзовани шартли равишда озодликка чиқаришди. Менимча, ўша шартли жазо ҳам олиб ташланиши керак”, - деди Элза Видал.

Элза Видал, шунингдек, судда У.Ниëзова ўзига қўйилган айбловларни бўйнига олгани ва қилмишлари учун кечирим сўрагани Ўзбекистонда фаолият юритаëтган бошқа мустақил журналистларни хавотирга солмасдан қолмаслигини айтди.

“Бундай ҳолатда эса мамлакатидан қочиш илинжида бўлган журналистлар сони ортиб боради”, - деди Элза Видал.

Мустақил журналист Юсуф Расул Андижон воқеаларидан сўнг мамлакатни тарк этганлардан бири. У ҳам Андижондаги 13 май воқеаларидан сўнг матбуот аҳволи жуда ҳам ëмонлашганини билдирди.

“Матбуот аҳволи жуда ҳам ачинарли ҳолатга келди. Ишлаш имконияти йўққа чиқарилди. Хориж оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилаëтган шахсларга нафас олишга имкон берилмаяпти. Ҳаттоки улар мана шу ҳамкорлик учун жиноий жавобгарликка тортилди. Умуман Ўзбекистон ҳақида четга маълумот беришнинг иложи йўққа чиқарилди”, - дейди Ю.Расул.

Лекин Ўзбекистон матбуоти раҳбарлари бу иддаоларни рад этиб келади. Масалан, “Қишлоқ ҳаëти” газетаси бош муҳаррири Чори Латипов Ўзбекистонда матбуот жамиятга хизмат қилишини айтaди.

“Ўзбекистон матбуоти ўзбек халқи манфаатига, жамият ривожи ва ислоҳотларнинг амалга оширилишига хизмат қилади. Ҳар бир журналист ўзи яшаëтган жамиятга манфаати бўладиган ишни қилиши керак. Шунинг учун баъзи бир матбуотда (чиққан мақолалар) бир ëқлама бўлиб, ўзини оқламаëтган бўлса, бу нарсани ёзган одамлар демократия қоидаларини бузган ҳисобланади”, - деди Чори Латипов.
XS
SM
MD
LG