Линклар

Қудратли туркман генерали мақомидан айрилди

  • Абдулла Искандар

Туркманистон президенти хавфсизлик хизмати раҳбари, мамлакатдаги энг қудратли шахслардан бири ҳисоблаб келинган Оқмурод Ражабов ўз лавозимидан озод этилди.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг бу ҳақдаги қарори давлат телевидениеси орқали эълон қилинди.

Расман О.Ражабов бошқа ишга ўтгани муносабати билан ишдан бўшатилгани айтилмоқда. Лекин унга қандай янги иш берилгани ҳозирча номаълум бўлиб турибди.

Туркманистон раҳбари Сапармурод Ниёзов оламдан ўтган пайтда унинг ёнида шахсий врачи, ҳозирги президент Қ.Бердимуҳаммедов ва Туркманбоши ёнида қарийб 17 йил ишлаган хавфсизлик хизмати бошлиғи, генерал О.Ражабов бўлгани айтилади. Энди эса қудратли генерал Туркманистон сиёсий саҳнасини тарк этмоқда.

Туркманистон ҳукуматининг собиқ амалдори Нурмуҳаммад Ҳанамов О.Ражабов туркман сиëсий саҳнасини узил-кесил тарк этганини тахмин қилди.

“Ражабов Ниëзов даврида иккинчи одам ҳисобланар эди. Ҳатто у тор доираларда Туркманистоннинг учинчи президенти менман, деб айтгани ҳақида ҳам биламиз. Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаганидек, Бердимуҳаммедов Ражабовнинг баҳридан ўтишга қарор қилган”, - дейди Н.Ҳанамов.

Марказий Осиë ва Кавказ масалалари бўйича таҳлилчи Артём Улунян эса О.Ражабов тақдири ҳали буткул ҳал бўлмаганини айтар экан, у кадрлар масаласи билан боғлиқ бирор юқори лавозимга тайинланиши ҳам мумкинлигини билдирди.

Жамиятшунос олим Фарҳод Илëсов ҳам энди О.Ражабовнинг сиёсий карьераси ниҳоясига етгани, у ҳеч бир тарзда ҳукуматга қайтмаслигини таъкидлади.

“Москвадаги КГБ мактабини тугатган О.Ражабов 1990 йилдан бери Туркманистон президенти хавфсизлик хизматини бошқариб келди. У мамлакатдаги қудратли одам ҳисобланар ва унинг кадрлар масаласида президентга йўл-йўриқ кўрсатгани ҳақида туркман жамиятида афсоналар юрарди”, - дейди Ф.Илёсов.

Кузатувчилар О.Ражабовнинг ишдан олиниши Россия президенти Владимир Путиннинг Туркманистонга ташрифидан уч кун ўтмаёқ амалга оширилиши шунчаки тасодиф эмаслигини айтмоқда.

Артём Улуняннинг таъкидлашича, О.Ражабовнинг туркман сиëсий саҳнасидан кетиши амалдаги президент Қ.Бердимуҳаммедов мавқеи мустаҳкамланаëтганидан далолатдир.
XS
SM
MD
LG