Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:34

Москванинг меъморий истиқболидан ташвиш билдирилмоқда


Москванинг тарихий иморатлари, маданий обидалари жонкуярлари жорий ҳафтада эълон қилган ҳисобот Россия пойтахтининг тарихий мероси жиддий хавф остида эканидан ўзига хос огоҳлантиришдир.

“Сўнгги 5 йил ичидаёқ Москвада мингдан зиёд иморат бузиб ташланди, вайрон қилинган биноларнинг бир қисми тарихий ва маданий қимматга эга бўлган қурилмалар эди”, - дейилади Москва архитектураси муҳофазаси жамияти Европа мероси ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрлаган ҳисоботда.

Бульдозерлар гуриллаши, компрессорлар тариллаши, электр болғалар тақиллаши, тўкилаётган шағалнинг шиғиллаши – нархи баланд нефтдан тушаётган жарақ-жарақ пул туфайли Москванинг кўплаб кўчаларида бу шовқин анчадан буён одатий бўлиб қолган.

Бири биридан кўркам, бири биридан маҳобатли иморатлар қуриляпти Москвада. Европадаги энг баланд минора-бинони қурмоқчилар Москвада.

Бироқ бир гуруҳ меъморлар ҳамда бу жараёнга лоқайд қараб тура олмайдиган москваликлар агар шаҳар маъмурлари шу кундаги суръат билан эскини бузиб, янгини қураверса, тез орада Москва тарихий кўринишини, ўзлигини йўқотиб қўйишидан хавотир билдиряпти.

“Москвадаги ҳозирги вазият қўрқинчлидир. Қўрқинчнинг сабаблари кўп, лекин, биринчи навбатда, очкўзлик ва лоқайдликдир. Очкўзлик – алоҳида шахслар очкўзлиги, лоқайдлик расмийлар лоқайдлигидир”, - дейди Европа мероси ташкилоти вакили Адам Вилкинсон.

Унинг фикрича, вазиятни кескин ўзгартириш мумкин ва ўзгартириш керакдир.

Москва мэри Юрий Лужков қурилишлар авж олишини пойтахтни замонавий андозаларда қайта қуриш ва сармоя жалб этиш зарурати билан изоҳлайди.
Шаҳар расмийлари тарихий обидаларни бузмаётгани, уларни таъмирлаётганини айтиб келади.

Бироқ шаҳар марказидаги “Россия” ва “Москва” меҳмонхоналари, Қизил майдон яқинидаги 19-асрда қурилган савдо уйи айнан Лужков даврида бузиб ташланди.

Москва архитектураси муҳофазаси жамияти ҳисоботида айтилишича, яна кўплаб тарихий бинолар, жумладан, машҳур “Болалар дунёси” универмаги ҳам бузилиш хавфи остида турибди.

“Ўз ҳисоботимиз билан биз икки ишни амалга оширяпмиз. Биринчидан, Москвада амалга оширилаётган ишларга дунё бефарқ қараб турмаганини россияликларга, иккинчидан, бу ердаги вайронгарчилик даражасини бутун дунёга намойиш қиляпмиз”, - деди жамият муассисларидан бири Клементина Сесил.

Ҳисобот муаллифлари совет даврида бузиб ташланган юзлаб ибодатхонанинг қайта тикланаётганини ижобий ҳодиса сифатида тилга олиб, бу ишни олқишлаган.

Москва архитектураси муҳофазаси жамиятининг 128 саҳифали, кўплаб суратлар илова қилинган ҳисоботи, Клементин Сесил фикрича, Москва маъмурларини ҳушёр торттириши керак.

Ҳисобот нусхалари президент Владимир Путин, мэр Юрий Лужков, Москва бош меъмори Кузьминга тақдим этилган.
XS
SM
MD
LG