Линклар

Назарбоев конституцияга сезиларли ўзгартишлар киритмоқда

  • Сарвар Усмон

16 май куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат конституциясига киритиладиган ўзгартишлар ҳақидаги таклифларини парламентга тақдим этди.

У таклиф қилаётган ўзгартишлардан бири президентлик ваколатлари муддатини 7 йилдан 5 йилга қисқартириш тўғрисида бўлди. Аммо бу ўзгартиш 2012 йилда ваколат муддати тугайдиган Н.Назарбоевнинг ўзига тегишли бўлмайди.

Н.Назарбоевнинг ўзи президентликка 1991 йили биринчи бор сайланган, 1995 йили ўтказилган референдум натижалари асосида ваколати муддати 1999 йилгача узайтирилган, 1999 ва 2006 йиллари яна икки марта сайланган эди.

Н.Назарбоев Қозоғистонни президент республикасидан президент-парламент республикасига айлантиришни, яъни шу кунда президентга тааллуқли ваколатларнинг бир қисмини парламентга ўтказиб, унинг ролини кучайтиришни ҳам таклиф қилди.

Унинг фикрича, бундан буён, аниқроғи 2012 йилдан бошлаб, парламентнинг қуйи палатаси – Мажлис партиявий рўйхатлар асосида сайланган депутатлардан иборат бўлади.

Қозоғистон раҳбари, шунингдек, парламент депутатлари сонини ҳам ҳозиргидан кўпайтиришни таклиф қилди.

Президент ўртага ташлаган таклифлардан яна бирига кўра, бош вазир ва умуман ҳукуматни тайинлашдаги асосий роль парламентнинг қуйи палатаси – Мажлисга берилади.

Н.Назарбоев Марказий сайлов комиссияси ва Ҳисоб қўмитасини шакллантириш ҳамда жамоат ташкилотлари ва сиёсий партияларни молиялаш тартибларига ва умуман мамлакат сиёсий-ижтимоий ҳаётининг бошқа бир қатор соҳаларига ўзгартишлар киритишни ҳам таклиф қилди.

Президент таклифлари, табиийки, республика жамоатчилигида турли, баъзан бир-бирини инкор этувчи фикрларни уйғотди.

Таниқли сиёсатчилардан бири Дўс Қўшим фикрича, президентнинг таклифлари унинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раислигини қўлга киритиш йўлидаги бир уриниши, холос.

“Биз кутган ўзгартишлар тўғрисида, масалан, давлат тили тўғрисида гап бўлмади”, - дейди Дўс Қўшим.

Қозоғистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти вакили Муҳит Асамбоев эса президент таклифи билан конституцияга киритилиши кутилаётган ўзгартишларни қозоқ жамиятининг эволюцион тадрижи ифодаси, деб баҳолайди.

Хабарларга қараганда, Қозоғистон парламенти президент таклифларини жорий ҳафта охиригача кўриб чиқади.
XS
SM
MD
LG