Линклар

ЭКОЛОГИЯГА ОИД ХАЛҚАРО ХАБАРЛАР

  • Ҳасанжон

Колорадо университетида тадқиқот ишлари олиб бораётган АҚШнинг Фазо тадқиқотлари маркази – НАСА олимлари Ер сунъий йўлдошидан олинган кўплаб фотосуратларни таҳлил қилиш натижасида 2005 йил давомида Антарктидада қарийб Ўзбекистон ҳудудига тенг бўлган майдонда қор ва музликлар эриганини аниқлади.

Университет раҳбарларидан бири Конрад Стеффен сўзларига кўра, бундай катта ҳажмдаги музликнинг эригани биринчи марта аниқланган.

Америкалик олим Антарктида ичкарисида ҳам музликлар эриган минтақаларни кузатиш мумкинлигини айтди. 2006 йилда Антарктидадаги музликлар эриши 2005 йилгига қараганда камроқ бўлган.

Олимлар глобал иқлим исиши оқибатида Арктика ва Антарктида музликлари эриши денгиз суви сатҳининг кўтарилишига олиб келиши, ўз навбатида, бу минглаб ороллар, соҳил бўйидаги шаҳар ва қишлоқлар сув остида қолиши, шунингдек, миллионлаб аҳоли экологик қочқинга айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб келмоқда.

*** *** ***

Расмий маълумотларга кўра, Индонезия давлати тахминан 17,5 мингта катта ва кичик оролдан иборат. Уларнинг ярмидан кўпида одам яшамайди. Аммо Индонезия ҳукуматининг ороллар бўйича масъул вакили Алекс Ретраубун ороллар сони аниқ эмаслигини, чунки ҳозирга қадар ҳеч ким уларни санаб ва номлаб улгурмаганини айтади.

А.Ретраубун фикрича, глобал иқлим исиши оқибатида денгиз суви сатҳининг кўтарилишидан Индонезияга қарашли юзлаб орол йўқ бўлиши мумкин.

А.Ретраубун бошчилигидаги гуруҳ ҳар бир оролни бориб кўришга қаратилган уч йиллик режанинг сўнгги босқичини амалга оширмоқда. Гуруҳ аъзолари борган оролларидаги аҳоли вакиллари билан сўзлашиб, орол ҳақида тафсилий маълумотлар тўплаяпти.

Индонезия атроф-муҳитни сақлаш вазири Рачмат Витоелар январь ойида қилган чиқишида агар глобал иқлим исиши ва денгиз суви сатҳи кўтарилиши ҳозирги суръатда давом этса, 2030 йилга бориб Индонезия тахминан икки минг оролини йўқотишини айтган эди.

Олимлар тахминига кўра, 2100 йилга бориб дунёда сув сатҳи 59 сантиметр кўтарилиши мумкин.

*** *** ***

Дунёнинг айрим минтақаларида ёғингарчилик меъёрдан кўп бўлиб, сув тошқинлари юз бераётган бир пайтда бошқа минтақаларда қурғоқчилик кузатилмоқда. Хусусан, Австралиянинг қишлоқ хўжалик экинлари ўстириладиган ҳудудларида яқин вақтларда сув тақчиллиги юзага келиши кутилмоқда.

16 май куни Австралия бош вазири Жон Ҳовард мамлакат аҳлини худодан ёмғир ёғдиришни сўраб ибодат қилишга чақирди. Ўтган ойда бош вазир агар июнь ойигача яхши ёғингарчилик бўлмаса, Австралия жанубидаги Муррей-Дарлинг дарёсидан жануби-шарқда деҳқончилик қилаётган фермерларга сув бериш тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Австралиянинг шимолий қисмидаги қишлоқ хўжалик масалаларига мутасадди Бил Ҳеффернаннинг айтишича, Муррей-Дарлинг дарёси суви сарфи нотўғри ҳисоблангани оқибатида ҳукуматга тақдим этилган ҳисоботда сув миқдори 40 фоиз кўп кўрсатилган. Шу боис, ҳозир дала экинларини суғориш учун сув тақчиллиги юзага келиши кутилмоқда.

*** *** ***

АҚШнинг 500дан ортиқ шаҳри ҳокимлари глобал иқлим исишига сабаб бўлаётган зарарли газларнинг атмосферага чиқарилишини камайтиришга ваъда берди.

Атроф-муҳитни сақлаш анжуманида қатнашган 514 ҳоким Киото протоколида назарда тутилганидек, 2012 йилга қадар ўз шаҳарларида зарарли газлар миқдорини 1990 йилги даражадан камайтириш ҳақидаги келишувни имзолади. Бу АҚШ тарихида иқлим ўзгариши олдини олиш борасида Америка шаҳарлари ҳокимлари имзолаган биринчи ҳужжатдир.

Тошкент билан биродарлашган Сиэтл шаҳри ҳокими Грег Никкелс мазкур анжуманни уюштириш учун 2005 йилдан бери ҳаракат қилиб келган. У анжуманда эришилган келишув кўп йиллик меҳнат самараси эканини айтди.





*** *** ***

Тожикистон жанубидаги Сарез кўли 1911 йилда кучли зилзила натижасида тоғ кўчкилари Мурғоб дарёсини тўсиб қўйгани оқибатида ҳосил бўлган. Мутахассислар кўп йиллардан бери агар яна бир кучли зилзила рўй берса, Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Туркманистонда яшовчи тахминан беш миллион аҳоли тошқиндан азият чекиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб келмоқда.

Москвадаги Минтақавий геофизика ва геоэкология тадқиқотлар маркази ходими Леонид Папирин фикрича, денгиз сатҳидан уч минг метр баланддаги кўлнинг табиий тўғони бир кун ёрилиб, бузилиши аниқ. Бироқ у эртага юз берадими ёки бир асрдан кейинми, буни ҳеч ким башорат қила олмайди.

Халқаро ҳамжамият минтақа давлатлари чақириғига жавобан бир неча йилдан бери офат юз беришининг олдини олишга қаратилган бир қанча лойиҳани амалга ошириб келмоқда.

Ўтган ҳафтада Бартанг водийсида агар тўғон бузилиб сув тошгудек бўлса аҳоли қандай ҳаракат қилиши бўйича трейнинг ўтказилди. Бу тадбир мавжуд таҳдид оқибатларини камайтириш бўйича Жаҳон банки молиялаштираётган лойиҳа доирасида амалга оширилди.

Табиий офатдан огоҳлантириш тизимини яратиш ва бошқа зарурий тадбирларни ишлаб чиқиш учун 22-23 май кунлари Душанбеда халқаро анжуман ўтказилади. Унда донор давлатлар, қўшни давлатлар ва тегишли мутахассислар иштирок этади.

“Биринчи босқич, биринчи лойиҳа Сарез кўлига яқин ҳудудларда яшовчи аҳоли хавфсизлигини таъминлашдан иборат эди. Бу лойиҳа ўн йил олдин жуда муваффақиятли амалга оширилди. Хавф ҳақида олдиндан огоҳлантириш мониторинг тизими барпо этилди. Бу вазифани лойиҳа бажарди. Аммо Сарез кўли бутунлай хавфсиз ҳолатга келтирилгани йўқ. Бунинг учун узоқ муддатли тадбирларни амалга ошириш керак бўлади. Биз уюштираётган анжуман мақсади қандай тадбирлар амалга ошириш кераклигини белгилашдан иборатдир. Унда қатнашадиган донор давлатлар вакиллари Тожикистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаб, иккинчи босқич лойиҳалар учун маблағ ажратишига умид қиламиз”, - деди БМТнинг табиий офатлар оқибатини камайтириш бўйича маслаҳатчиси Гулсара Пўлатова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

У Сарез кўли тўғони бузилса, беш миллион аҳоли яшайдиган ҳудуд сув остида қолиши ҳақидаги гаплар бироз бўрттирилганини айтди.

“ Кўл солаётган хавф бошидан бўрттириб кўрсатилган. Албатта, ҳар қандай воқеа юз бериши мумкин. Аммо беш миллион аҳоли нобуд бўлиши мумкинлиги ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Кўл тошса, Тожикистон, Афғонистон ҳудудларининг бир қисми азият чекиши мумкин. 20 йил олдин катта тўлқин кўп жойни ювиб кетиши таъкидланган эди. Ҳозир эса бундай эмаслиги аён ”, - дейди БМТ мутахассиси.

Тошкентдаги ЭКОСАН халқаро ташкилоти раиси Юсуфжон Шодиметов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзбекистонлик мутахассислар ҳам Қирғизистондаги ядровий чиқиндилар кўмилган Мойлисув ҳудуди, Тожикистоннинг Сарез кўли ва табиий офатлар юз бериши мумкин бўлган бошқа жойларни кузатиб келаётганини айтади.

“Бу йил ўтган йилдагидек иссиқ бўлмайди, деган маълумотлар бор. Лекин сув тошқинлари, сел, кўчки минтақамизда ҳар йили кузатиладиган ҳодиса. Бу офатлар жорий йил ҳам қайтарилиши мумкин... Инсоният олдида турган катта муаммолардан бири – юз бериши эҳтимоли бўлган офатлар оқибатини юмшатиш, камайтириш. Уларнинг олдини тўлиқ олиш жуда қийин.

Мен хурсанд бўлганим, Парижда ЮНЕСКО ҳомийлигида Япониянинг бевосита ёрдам билан жуда катта сув фожеаларидан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳодисаларни мониторинг қиладиган глобал марказ очилди. Биз ҳам Марказий Осиё бўйича интегратив ҳамкорлик даражасида мониторинг қиладиган тизимлар яратиш таклифини қиляпмиз. Чунки минтақамизда ҳам шундай хавфлар бор. Мана Сарез кўли. У ерда 17 куб километр сув йиғилган. Лекин шундай хавф борки, агар табиий тўғонни сув уриб кетса, аҳоли сув остида қолиши мумкин. Шунга ўхшаган бир қанча сув омборлари бор.

Ҳозир тегишли идоралар, булар орасида бизнинг ташкилот ҳам бор, бўлиши мумкин бўлган ҳодисалар оқибатини анчагина юмшатадиган ва кам талофат билан ўтказиб юбориладиган йўлларни қидиряпти”
, - деди Юсуфжон Шодиметов.
XS
SM
MD
LG