Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:02

Диплом бор, иш эса...


Жорий йилда Тожикистон олий ва ўрта махсус билим юртларини тахминан 17 мингдан ортиқ йигит-қиз битиради. Битирувчилар орасида Ўзбекистоннинг 70 га яқин фуқароси ҳам бор.

Тожикистон Таълим вазирлиги масъул ходими Ражабали Сангов мамлакат олий ўқув юртларини битирган Ўзбекистон фуқаролари Тожикистонда олинган диплом билан ўз юртида мутахассислиги бўйича ишлай олмаслигини айтади.

“Мамлакатимиз олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш учун келган Ўзбекистон фуқароларининг барча ҳужжатларини давлатлараро имзоланган таълимий ҳамкорлик шартномага биноан настрификациядан ўтказамиз. Бу борада ҳеч бир муаммо бўлиши мумкин эмас. Аммо, афсуски, Тожикистон Таълим вазирлиги берган дипломларнинг аксарияти Ўзбекистонда эътироф этилмаётир”, - деди вазирлик масъули.

Садриддин Айний номидаги Педагогика университетининг мактематика факультети талабаси Зарнигор Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегараолди туманидан келган. У вазирлик ходими гапида жон борлигини таъкидлар экан, ўтган йили шу олийгоҳнинг филология факультетини битирган опасининг дипломи ҳозирга қадар Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги настрификациясидан ўтмай қолаётганини айтди.

Зарнигорнинг сўзларига кўра, Тожикистонда таҳсил олишни истаган ўзбекистонлик ёшлар олдида бошқа талайгина муаммолар ҳам мавжуд, аммо шунга қарамай, Тожикистонда таҳсил олиш истагида бўлганлар сони йил сайин ортиб бормоқда.

Ўз мамлакатида олий маълумот олган тожик ёшларининг ҳам муаммоси кам эмас. Ҳар йили олий ва ўрта махсус билим юртларини битираётган минглаб ёшларнинг ҳаммаси ҳам мутахассислиги бўйича иш билан таъминланмайди.

Кузатувчилар фикрича, дипломни қўлга олган ёшлар коррупция ва ошна-оғайнигарчилик орқасидангина иш топиши мумкин. Бу иллатлар саводли кадрлар мамлакатни тарк этишига олиб келмоқда.

Дарҳақиқат, таниш-билиши бўлмагани сабабли дипломини онасининг сандиғига жойлаб, Россияга иш қидириб кетаётган ёшлар бугун жуда кўп топилади.
XS
SM
MD
LG