Линклар

Эднан Қорабоев Имомали Раҳмонни Бишкекка таклиф қилди


Ҳабибулла Ботиров Душанбега икки кунлик сафар билан келган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эднан Қорабоев 17 май куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Ҳамрохон Зарифий билан учрашди.

Давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш, сув-энергетика сиёсати ва чегара масалалари Душанбеда ўтган музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.

Учрашувлардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Э.Қорабоев Қирғизистон Тожикистон президентининг Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув-энергетика консорциуми ташкил этиш ташаббусини тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

“И.Раҳмоннинг ташаббусини жонлантириш учун халқаро сув-энергетика академияси ташкил этиш ва сув-энергетика масаласи бўйича саммит ўтказишни таклиф қилдим. Бу икки таклифни ҳаётга тадбиқ этишга биздан ташқари бошқа қўшни мамлакатлар ҳам иштирок этиши мумкин. Биз сувга адоват меваси эмас, ҳамкорлик омили сифатида қараймиз”, - деди Э.Қорабоев.

Унинг билдиришича, Қирғизистон томони Тожикистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш учун президентлар раҳбарлик қиладиган давлатлараро кенгаш ҳамда ташқи ишлар вазирлари кенгашини тузишни таклиф этган.

Э.Қорабоев сўзларига кўра, минтақа давлатлари учун чегараларни делимитациялаш ва демаркациялаш муҳим масала ҳисобланади. Бу муаммо ҳал этилгач, Марказий Осиёда Шенген визасига ўхшаш тизим жорий этиш масаласини кўтариш мумкин бўлади.

Э.Қорабоев Қирғизистондаги ҳозирги сиёсий вазият ҳақида гапирар экан, ҳозир ўз мамлакатида давлат ва фуқаровий жамият ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш жараёни юз бераётганини, фуқаровий жамият ҳам давлатни мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида хулосага келганини таъкидлади.

Э.Қорабоев Тожикистон президентини Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг шу йил 16 августда Бишкекда ўтадиган саммитидан кейин Қирғизистонга расмий ташриф билан боришга таклиф қилди.
XS
SM
MD
LG