Линклар

logo-print

Инсон ҳуқуқлари кенгаши Маҳмадрўзи Искандаров ишини ўрганмоқда

  • Гулнора Равшан

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши мухолифатдаги Тожикистон Демократик партиясининг собиқ етакчиси, 2005 йилда қамоққа ташланган Маҳмадрўзи Искандаровнинг ҳуқуқлари бузилганига оид маълумотларни ўрганмоқда.

Республика инсон ҳуқуқлари ва қонунларга риоя қилиш таълимий бюроси бошлиғи Қаҳрамон Сангиновнинг билдиришича, яқинлари, адвокати ҳамда партия фаоллари хоҳишига кўра, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига М.Искандаровнинг ҳуқуқлари поймол этилганига оид махсус хабарнома йўлланган.

“Хабарнома 2006 йил сўнггида буюромиз мутахассислари ҳамда маҳбус Искандаровнинг оқловчилари билан биргаликда тайёрланган эди. Унда Тожикистон ҳукумати ва ижроия ҳокимиятлари томонидан М.Искандаров ҳуқуқларининг поймол қилинганига оид бир неча далиллар келтирилган. Жумладан, тергов жараёнида унга қийноқлар қўлланилгани, унинг ноқонуний ҳибсга олингани, суд жараёнининг адолатсиз ўтгани ва адвокат билан таъминланмагани баён қилинган”, - деди Қ.Сангинов.

Унинг айтишича, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши М.Искандаров оиласи ҳамда партия фаоллари билан ёзишмалар орқали мулоқотда бўлиб турибди.
Ўзаро ёзишмадан мақсад Инсон ҳуқуқлари кенгашига тушунарсиз қолган айрим саволларга хабарнома муаллифларидан жавоб олишдир. Мазкур ёзишмалар натижаси ўлароқ, БМТ кенгашига М.Искандаров ишига оид қўшимча маълумотлар жорий йил давомида уч марта юборилган.

Тожикистон Демократик партиясининг М.Искандаров қаноти раиси ўринбосари Раҳматулло Валиев бу хабарнома БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан узоқ вақт ўрганилмай қолганига норозилик билдирди.

“БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиз Арбур яқинда Тожикистонга ташрифи чоғида биз билан ҳам учрашди. Ўша учрашувда Арбур хоним М.Искандаровнинг ҳозирги аҳволи билан қизиқди. У М.Искандаровнинг ҳуқуқлари поймол этилгани борасидаги хабарномани ўрганиш тезлаштирилишини ва жуда яқин вақт ичида ижобий хулосалар қилинишини таъкидлади”, - деди Р.Валиев.

М.Искандаров мамлакадаги ички низолар чоғида собиқ тожик мухолифатининг дала қўмондони бўлган. Миллий ярашув тўғрисида шартнома имзолангандан сўнг 1998 йилдан 2004 йил августига қадар у турли давлат идораларига раҳбарлик қилган.

2004 йилда М.Искандаров кутилмаганда Тожикистонни тарк этди. Шундан сўнг Тожикистон Бош прокуратураси “Тожикгаз” давлат унитар корхонасида раҳбарлик чоғида давлат мулкини ўзлаштирганлик айби билан М.Искандаров устидан жиноят иши қўзғади.

Россияда қўлга олиниб, 2005 йилда Душанбега олиб келинган М.Искандаров Тожикистон Олий суди томонидан терроризм, ноқонуний равишда қурол-аслаҳа сақлаганлик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик каби жиноятларни содир этишда айбдор топилиб 23 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
XS
SM
MD
LG