Линклар

Ҳинд олимининг демократия ҳақида деганлари ёки ғилдиракни қайта кашф этиш ҳақида

  • Фаррух Юсуфий

Тошкентда “Демократик тараққиёт ва хавфсизликни таъминлаш масалалари” мавзуида ўтказилган халқаро анжуманда қатнашган халқаро экспертлар Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг сиёсатини тўла қўллаб-қувватлашини изҳор этди.

Ҳар қалай, ўзбек матбуоти “Халқаро экспертлар Ўзбекистон президентининг сиёсатини тўла қўллаб-қувватлади”, “Халқ таянчи - ислоҳотлар самарадорлиги кафолати” каби сарлавҳалар остида эълон қилган материалларда шундай дейилган.

Халқаро анжуман иштирокчилари бир овоздан Ўзбекистоннинг демократик тараққиёт ва сиёсатни эркинлаштириш йўлида олға бораётгани мамлакат президенти Ислом Каримовнинг оқил сиёсати туфайли амалга ошмоқда, деган хулосага келган.

Хусусан, Ҳиндистонда чиқадиган “Эйшн эйж” газетаси бош муҳаррири Мубашар Жавад Акбар “Ўзбекистон бошиданоқ демократиянинг бошқа давлатлардаги кўринишларини кўчириш йўлидан эмас, аниқ натижаларга қаратилган, ўзига хос демократия қуриш йўлидан бораётганини” қайд этиб, “демократияни экспорт қилиб бўлмаслиги ёки бу жараённи сунъий равишда тезлаштириб бўлмаслиги”ни таъкидлаган.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Искандар Худойберганов ҳиндистонлик экспертнинг бу фикрлари йўқ деганда примитив бўлгани сабабидан уларга қўшила олмаслигини айтади.

Халқаро анжуманда Ҳиндистондаги қишлоқ хўжалиги ва саноат тараққиётини ўрганиш маркази раҳбари, ўзбек матбуоти сиёсатшунос сифатида тақдим этган Ражпал Малхотра ҳам қатнашиб, Нидерландия демократияга эришиш учун 150 йил тиришгани, АҚШдек давлат эса бунинг учун 200 йил сарфлаганини таъкидлаб, бу жараён узоқ вақт талаб этишини исботлашга ҳаракат қилган.

Яъни ҳиндларнинг олим деҳқони ўзбек сиёсатчилари таъбири билан айтганда эндигина 17 га кирган ва ҳали ҳам тетапоя бўлаётган навқирон Ўзбекистондан демократияни талаб қилиш ҳали эрта, демоқчи бўлган.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ҳиндистонлик бу саноатшуносни ғилдиракни қайта кашф қилишга уринаётган кишига қиёслаш мумкинлигини айтади.

“Бу жуда аҳмоқона фикрдир. Инсон ғилдиракни кашф қилиш учун кўп минг йил сарфлаган. Лекин мен ғилдирак ясамоқчи бўлсам, минг йил кутишим шарт эмас. Чунки ғилдиракнинг тузилишини биламан ва уни ясаб қўя қоламан. Кашф этилган нарсани яна кашф этиш зарурлигини таъкидлаш жуда аҳмоқона фикрдир. Буни кўп мамлакатлар мисолида кўриш мумкин. Масалан, Африка қитъасидаги Гана давлатини олинг. У мустақилликка эришганига кўп бўлгани йўқ. Лекин у ерда жуда соғлом демократия ўрнатилганини кўриш мумкин. Ҳиндистонлик мутахассиснинг бу аргументи, ростини айтсам, ғирт тутуруқсизликдир”, - дейди Крейг Мюррей.

ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкцияларни кучда қолдиришга қарор қилганидан кейин Тошкентда ўтказилган мазкур анжуманда ғарблик сиёсатшунослардан бири – Лондондаги халқаро муносабатлар қироллик институти тадқиқотчиси Ширин Акинер ҳам қатнашди.

Андижон воқеалари хусусида расмий Тошкент версиясини ёқловчи ҳисобот муаллифи бўлмиш Акинер хоним анжуманда сўз олиб, Ўзбекистоннинг прогрессив ва узоқни кўзловчи йўлдан бораётгани ва унга босим ўтказишга уринишлар мутлақ асоссизлигини айтган. Бу босимлар ортида Ўзбекистоннинг табиий бойликларига кўз олайтираётган неоколониализм иддаолари бўлган баъзи давлатлар манфаати турганини таъкидлаган.

К.Мюррей ҳамюрти Акинер хонимнинг фикрларига муносабат билдириб:
“Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг табиий бойликларига катта қизиқиш борлиги ҳақидаги фикрларда асос бор. Ўзбекистон ўз табиий бойликлари халқнинг манфаатига хизмат қилувчи мақсадларда ишлатилишини таъминлаши лозим, деб ҳисоблайман. Афсуски, бугун бу бойликлар ўзбек халқи эмас, Каримов атрофидаги бир ҳовуч олигархлар манфаатларига хизмат қиляпти. Ширин Акинер хонимга келсак, у киши Буюк Британияда катта обрўси бўлмаган бир кичик илмий ходим эканини айтиб ўтишим керак. Унинг ҳатто профессорлик унвони ҳам йўқ. Шунинг учун у айтган гаплардан ҳайрон бўлмасангиз бўлаверади”, - деди.


К.Мюррей сўзларига кўра, Ўзбекистон президенти учун уни мақтаб, кўкларга кўтарадиган таъмагир кишиларни топиб, уларни бир жойга тўплаш қийин эмас.

“Каримовнинг пули кўп, пули кўп одам учун маддоҳларни топиш қийин бўлмайди, албатта. Лекин бундай анжуманларда бирорта ҳам обрўли ва қатъий принциплари бўлган одамларни кўрмайсиз. Бунақа йиғинларда фақатгина приципсиз ва омади юришмаган таъмагир кишилар қатнашади, холос”, - дейди собиқ дипломат.

Анжуман иштирокчилари демократия ва эркин жамият қуриш халқ иродасига боғлиқлиги, уни “экспорт қилиб ёки ташқаридан куч билан жорий этиб бўлмаслиги ва И.Каримовнинг оқил сиёсати туфайли ўзбек халқи секин-аста демократияга тайёрланиб бораётгани ва ва унга албатта эришиши” ҳақидаги хулосага келган.

Ўзбекистонда икки йил элчилик қилган К.Мюррей ўзбек халқи ҳар қандай бошқа халқлар каби демократияга аллақачон тайёр, деб ҳисоблайди.

Сиёсатшунос Искандар Худойберганов эса ўзбек халқи демократияга секин-аста эришади, дейиш уни камситишдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади.

Халқаро анжуман ташкилотчиси бўлмиш Минтақавий сиёсат жамғармаси раҳбари Сайфиддин Жўраев “Озодлик” радиоси билан кўтарилган мавзу ҳақида гаплашишни истамади. Анжуман иштирокчиларининг ўзларини ҳам топиш имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG