Линклар

Қирғизистонда олтин конларини ўзлаштириш тўхтаб қоляпти


Қирғизистон раҳбарияти жамоатчилик босими остида мамлакатдаги олтин конларини ўзлаштириш бўйича хорижий компаниялар билан имзоланган шартномаларни қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда.

Жамоатчилик Қумтор олтин кони бўйича имзоланган шартнома Қирғизистон манфаатларига зид, деган фикрда. Қирғиз расмийлари аввалига бу айбловни рад этган эди. Бироқ жамоатчилик босими кучайгач, расмий Бишкек Канаданинг Қумтор конини ишлатаётган олтин ширкати раҳбарияти билан музокараларни бошлади. Музокаралардан асосий мақсад Қумтор олтин конидан тушаётган фойдани Қирғизистон манфаатларига зид келмаган ҳолда қайта тақсимлашдир.

Айни пайтда Қирғизистондаги Жеруй кони жамоатчилик босими остида ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди. Бунинг учун Бишкекда ўтган мухолифат митинглари каби эҳтиросли намойишларни ўтказишга ҳам тўғри келди.

Намойишлар натижасида Канаданинг “Глобал голд” ва “Оксус” компаниялари олтин конидан ўз техникасини олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди.

“Бугунги кунда биз фаолиятимизни тўхтатдик. Қирғизистон ҳукумати ва олтин кони жойлашган Талас вилояти аҳолисининг қарорини кутмоқдамиз. Ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги музокаралар қай тарзда якунланишига қараб ўз фаолиятимизни қайта бошлаймиз”, - деди Жеруй олтин кони бошқаруви раиси ўринбосари Жўлдошбек Алимбеков.

Бироқ таласликлар Жеруй олтин конининг мутлоқ ёпилишини талаб қилмоқда. Улар фикрича, бу олтин конини ўзлаштираётган “Глобал голд” компанияси экологик талабларга риоя этмаётир.

“Конлари ўзлаштирилган биронта тоғли қишлоқ гуллаб-яшнаган эмас. Аксинча экологик муаммолар кўпайиб, халқнинг турмуш тарзи оғирлашмоқда”, - деди олтин конларини ёпиш ҳаракати вакили Улуғбек Осмонов.

Қирғизистон парламенти депутати Жусуп Имоналиев сўзларига кўра, Жеруй олтин конини ўзлаштираётган хорижий компаниялар экологик талабларга риоя қилмаётгани нафақат Қирғизистон, балки қўшни давлатларга ҳам хавф туғдиради.

“Қозоғистонга ҳам зарар етказилиши мумкин. Экологик экспертиза ҳужжатлари мутлақо йўқ бу кончиларда. Ҳолбуки, экологик ҳужжатларга эга бўлмай туриб, конни ўзлаштириш қонунан тақиқланган”, - деди депутат.

Қирғизистон президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Турсунбек Акуннинг таъкидлашича, Қирғизистон жамоатчилигида олтин конларига қарши салбий кайфият кучайишига, энг аввало, коррупция айбдор.

“Жеруй бўйича айтадиганим шуки, агар президент Бақиев бу масалани қатъий назорат қилганида эди, бундай вазият юзага келмаган бўларди. Бундай вазият юзага келишига, асосан, коррупциялашган ҳукумат айбдордир”, - деди Турсунбек Акун.

Қирғизистон олтин конларини ўзлаштираётган компаниялар вакиллари эса экологик талабларга риоя қилинмаётгани ва коррупциялашган амалдорлар билан тил бириктирилгани тўғрисидаги айбловларни рад этмоқда.
XS
SM
MD
LG