Линклар

Пол Вулфовиц истеъфога чиқади

  • Ҳасанжон

Жазмани билан боғлиқ можаролардан кейин Жаҳон банки президенти Пол Вулфовиц 30 июнь куни истеъфога чиқишини эълон қилди. У банк бошқаруви ўзини қўллаб-қувватламаганидан сўнг шундай қарорга келишга мажбур бўлди.

Банк бошқарувининг 17 май куни бўлиб ўтган йиғилишида Пол Вулфовиц банк ходими бўлган жазмани Шаҳа Али Ризонинг ойлигини ошириш орқали ташкилот тартибини бузган, деган қарорга келинди.

АҚШнинг Ироққа бостириб кириш режаси меъморларидан бири бўлган Пол Вулфовиц атрофидаги баҳс-мунозаралар 2005 йил бошида у Жаҳон банки раҳбарлигига тайинлангандан буён тинмайди. Ироқ урушига қарши бўлган Европа давлатлари Пол Вулфовицнинг тараққиёт учун муҳим Жаҳон банкидек йирик ташкилотга раҳбар бўлишига жиддий қарши бўлган эди.

“Дунёнинг қолган қисми банкка АҚШ ҳукумати ишонган одам келганидан мамнун эди. Бу молиявий ёрдам олишга ҳаракат қилаётганлар учун муҳим эди. Тараққиёт ҳақида у нимани ўйлаётгани ҳақида ҳеч ким кўп нарса билмасди. Иш бошлагунича одамлар унга шубҳа назари билан қаради”, - дейди Лондондаги “Overseas Development” институти таҳлилчиси Шейла Пейж.

Пол Вулфовиц камбағал давлатларга йилига 25 миллиард доллар қарз ва грантлар берувчи банкда дарҳол муаммога дуч келди. Коррупция масаласида шубҳаланган Пол Вулфовиц баъзи давлатларга берилаётган ёрдамни маслаҳатлашмай тўхтатиб қўйгани банк бошқарув кенгаши аъзоларини аччиқлантирди.

“Менимча, банк ходимлари тез фурсатда унга қарши бўлди. Чунки у собиқ ҳамкасбларидан айримларини ишга олди. Ҳеч қайси ташкилот ходимлари ташқаридан бегоналарнинг бундай олиб келинишини хоҳламайди. Чамаси у бу масалада банк тартибига риоя қилмаган”, - дейди биртаниялик таҳлилчиси Шейла Пейж.

Шу ҳафта бошида Жаҳон банкининг махсус ҳайъати Пол Вулфовиц жазмани Шаҳа Али Ризони банкнинг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси лавозимига кўтариш орқали банк этикаси ва бошқарув тартибини бузди, деган хулосага келди. Янги лавозимга ўтиши билан Шаҳа Ризонинг йиллик маоши 130 мингдан 180 минг долларга кўтарилган.

Пол Вулфовиц ўз қарорини ташқаридан янги мутахассис келгунича Ризони вақтинчалик лавозимга тайинлагани билан изоҳлади. У ўзини шаънига айтилаётган барча айбловлардан оқлашга ҳаракат қилди. Бироқ сўнгги ҳафталарда мунозаралар назоратдан чиқай деган бир пайтда банкда молиялаштириш муаммоси пайдо бўлди.

Шейла Пейж фикрича, Пол Вулфовиц раҳбарлигига шубҳа билан қараётган асосий донорлар ривожланаётган давлатларда амалга оширилаётган лойиҳалар учун молия ажратишни тўхтатган.

17 май куни Пол Вулфовиц 30 июнда истеъфога чиқишини эълон қилиб, ўзи ҳақидаги барча мунозараларга чек қўйди. АҚШ президенти Жорж Буш эса унинг истеъфосини истамайгина қабул қилди. Пол Вулфовиц ўрнига Жаҳон банки раҳбари лавозимини ким эгаллаши ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG