Линклар

Ўзбекистонда 14 минг қоидабузар ҳайдовчи жаримага тортилди

  • Ҳасанжон

Жорий йилнинг бир неча ойи ичида Ўзбекистонда қарийб 14 минг ҳайдовчи транспорт воситасини бошқараëтган пайтда мобил телефондан фойдаланиш тақиқини бузгани учун жаримага тортилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси катта инспектори Мансур Рихсиевнинг “Фарғона.ру” ахборот агентлиги мухбирига айтишича, жаримага тортилган ҳайдовчиларнинг юзга яқини қоидани икки марта бузган.

Ўзбекистонда транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчининг мобил телефондан фойдаланишини тақиқловчи қоида жорий йил 1 январдан кучга кирган эди. Унга кўра, агар ҳайдовчи бу қоидани биринча марта бузса, энг кам иш ҳақи миқдорига тенг жаримага тортилади. Агар ҳайдовчи бир йил ичида бу тақиқни икки марта бузса, энг кам иш ҳақининг 2-3 баробари миқдорида жарима тўлайди ёки олти ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ҳозир Ўзбекистонда энг кам маош 12 минг 420 сўмни ташкил этади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган ходими мазкур қоида кучга киргандан буён йўл-транспорт ҳодисалари сони камайганини билдирди. Шунингдек, у бу тоифадаги қоидабузарлик Тошкент шаҳрида кўп кузатилаётганини таъкидлади.

“Телефондан фойдаланиш қаерда кўп бўлса, ўша ерда қоидабузарлик ҳам кўп бўлади. Тошкентда халқ кўп, машина кўп, транспорт кўп, телефон кўп. Шунинг учун қоидабузарлик ҳам Тошкентда кўп аниқланяпти”, -дейди йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими.

2007 йил 1 июлдан Ўзбекистонда транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақиб юришини талаб қилувчи яна бир янги қоида кучга киради.

Қоида кучга киришидан олдин йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари ҳайдовчиларни агар автомобилдан хавфсизлик камари олиб ташланган бўлса, уни қайта ўрнатиш кераклиги, акс ҳолда хавфсизлик камари бўлмаган автомобиль ҳайдовчилари жарима тўлаши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Янги қоидада хавфсизлик камарини тақмай автомобил бошқарган ҳайдовчилар энг кам иш ҳақининг ўн фоизи миқдорида жарима тўлаши белгиланган. Янги қоидада истиснолар ҳам кўзда тутилган. Масалан, уч ёшга тўлмаган болалар орқа ўриндиқда ўтирган бўлса, хавфсизлик камарини тақмаслиги мумкин. Бундан ташқари, ҳомиладор аёллар, саломатлиги туфайли хавфсизлик камарини тақа олмайдиган фуқаролар, шунингдек, аҳоли пунктларида фақат белгиланган йўналишда юрадиган такси ҳайдовчилари ва йўловчилар хавфсизлик камарини тақмаслигига рухсат этилган.
XS
SM
MD
LG