Линклар

Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси 18 май куни Москвада катта тадбир ўтказиб, зиёфатига маҳаллий казо-казоларни чақирди.

Жамғарманинг Тошкентдаги офиси ходимаси Шаҳзоданинг айтишича, Москвадаги энг қиммат кошоналардан бирида ўтадиган бу тадбир тўлалигича ўзбек санъатига бағишланади.

Шу ўринда айтиш жоизки, бу тадбирда меҳмонлар нафақат Ўзбекистондан борган санъат усталарининг концертидан, балки ўзбек нозу неъматлари ҳамда таомларидан ҳам баҳраманд бўлади.

Гулнора Каримова раҳбарлигидаги бу жамғарма Москвада шу каби тадбирларни илгари ҳам ўтказиб келган. Уларда Россия сиёсати, бизнеси ва санъати оламида таниқли шахслар иштирок этган. Масалан, ўтган йилги тадбирда Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Дмитрий Медведев, Владимир Путиннинг ëрдамчиси Игорь Шувалов, Хавфсизлик кенгаши котиби Игорь Иванов, Давлат думаси депутатлари Артур Чилингаров, Любомир Тян, Сулейман Керимов, олигархлар Михаил Фридман, Искандар Маҳмудов, Владимир Евтушенков, Юрий Шафраник, Давид Якобашвили, Россиядаги энг бой ва қудратли ўзбеклардан бири Алишер Усманов, Россиядаги марказий телеканаллар раҳбарлари Константин Эрнст и Олег Добродеев ҳам қатнашганди. Нуфузли меҳмонлар бу сафар ҳам таклиф этилган.

Кузатувчилар Г.Каримова Москвада ҳар йили бу каби тадбирлар уюштириш орқали ўзини кўз-кўз қилишини айтмоқда.

“Озодлик” мухбири бу йилги тадбир ўтказилган “Форум ҳолл”га телефон қилиб, шундай тадбирлар тахминан қанчага тушиши билан қизиқди.

“Ижара, овқат ва ҳокозолар билан бир кишига 150 евро тўғри келади. Агар ўзингиз овқат олиб келаман десангиз, у ҳолда ошхонанинг ижара пулини тўлайсиз. Хуллас, буларнинг барчаси ғоя, ҳажм ва ва ҳоказолардан иборат. Бугун, масалан, 700га яқин одам келади. Бундан ташқари, саҳналар қурилган, мониторлар қўйилган. Умуман юқори даражадаги зиëфат бўлади”, - деди “Форум ҳолл” директори Борис Аркадьев.

“Фарғона.ру” сайти бош муҳаррири Даниил Кислов Г.Каримова бошчилигида Москвада ўтказилган тадбир шунчаки зиёфатбозлик эканини айтади.

“Менимча, бу ўзига тўқ, бойвачча, хуллас, Москвадаги ҳаëтдан талтайган одамлар учун навбатдаги бир зиёфат кечаси. Мен Марказий Осиёдаги бошқа бир давлатнинг маданий тадбирида қатнашган эдим. Одамлар у ерга бориб ўйнаб, еб-ичиб дам олиб ўтиради. Ҳаттоки саҳнадаги қўшиқчиларни кўпинча эшитмайди ҳам. Қошиқларни тақиллатиб, қутуриб, оёқни узатиб, истаганини қилиб ўтиради”, - дейди Д.Кислов.

Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси агар катта бир маданий кеча уюштираëтган бўлса, нима учун бу очиқ-ошкора ўтмайди, оммавий ахборот воситаларида кенг ëритилмайди? Ҳолбуки, бу кечадан мақсад ўзбек маданияти ва санъатини тарғиб этиш бўлса?

“Бир ой аввал худди шу саволни Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси раҳбарларига яқин одамлардан бирига берганимда: “Биз у ерга турли оммавий ахборот воситаларини таклиф этиб, уларнинг биз ҳақимизда ëмон нарсаларни ëзишини истамаймиз”, - деган жавоб олдим. Ёмон иш қилинмаётган, бор-йўғи маданий тадбир ўтказилаётган бўлса, ким улар ҳақида ёмон ёзиши мумкинлигини сўрасам, индамай қўя қолди. Шундан кейин мен Гулнора Исломовна ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда бундай тадбирлар уюштиряпти, деган хулосага келдим. Афтидан, Гулнорага Россиядаги нуфузли одамлар кампаниясида юриш, улар орасидан дўст орттириш, ўзига яраша обрў қозониш ëқади”, - деди Д.Кислов.

Хўш, Г.Каримова ўз мақсадига эришяптими, деган саволга жавоб берар экан Д.Кислов:“Билмадим. Мен у доираларда юрмайман. Бундай акциялар қандай қабул қилиняпти, буни ташқаридан муҳокама қилиш қийин. Биласизми, ҳар бир соғлом киши пахта нима, чаноқ нима, ажратишни билади. Ҳаттоки пули кўпайиб қутурган одам ҳам бу каби тадбирларнинг асл мақсадини тушуниб етади. Гулнора Исломовнанинг ўрнида бўлганимда, агар ҳақиқатан ҳам юртим маданиятини ташвиқот қилмоқчи бўлсам, бундай тадбирларга кетадиган маблағни телевидение, газеталарга берган, телекўрсатувлар тайëрлашни, турли мақолалар ëзишни буюрган бўлардим. Катта концерт дастурлари уюштирдим. Лекин Гулнора уни тор доираларда қиляпти. Оддий халққа бу ишларнинг маҳсули етиб бормайди”, - деди.

Сиëсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, бу каби тадбирларнинг ҳаммаси Ўзбекистоннинг халқаро обрўси борлигини таъкидлаш мақсадида қилиняпти.

“Раҳбариятимиз халқнинг ижтимоий аҳволи билан қизиқаëтгани йўқ. Халқ бир томонда бўлса, ҳукумат бошқа томонда. Протокол соҳасида кўп ишлаганим учун айтишим мумкинки, бундай тадбирларга камида 100 минг евро кетади. Бундай тадбирлар нафақат Москвада, балки бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилди ва ўтказилиб келмоқда. Ҳукуматимиз бошқалардан кам жойи йўқлигини бўрттириб кўрсатиш учун бундай тадбирларни ўтказяпти”, - дейди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG