Линклар

Тони Блэр Ироқ урушида АҚШни қувватлаганидан афсусланмайди

  • Ҳасанжон

Кутилмаганда Бағдодга келган Буюк Британия бош вазири Тони Блэр бу ерда Ироқ президенти Жалол Талабоний ва бош вазир Нурий ал-Маликий билан мамлакатда хавфсизлик вазиятини яхшилаш борасида музокара ўтказди.

Музокаралардан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Т.Блэр ташрифи давомида “яшил зона”даги ҳукумат қароргоҳига уюштирилаётган ҳужумлардан ҳайратга тушмаганини таъкидлади.

“Ҳар куни минамёт ёки террор ҳужумлари амалга ошириляпти. Бу ҳозирги кун воқелигидир. Шу ўринда бундай ҳужумларга барҳам бериш учун нима қилмоқ керак, деган савол туғилади. Мазкур ҳужумлар мамлакатда эришилган муваффақиятни йўққа чиқаришни хоҳлаган кам сонли одамлар томонидан уюштириляпти. Саволга жавоб, биз уларга ҳеч қачон ён босмаймиз. Амалга оширилаётган турли мақсад, сиз, журналистларни ўз хабарларингизда эришилаётган муваффақиятлар ҳақида эмас, айнан шу ҳужумлар ҳақида гапиртиришдан иборат”, - деди Тони Блэр.

Ироқда кўплаб қийинчиликлар борлигини эътироф қилган бош вазир мамлакатда муваффақиятга эришилаётгани ҳам кўзга ташланаётганини айтди. Тони Блэр АҚШ етакчилигида Ироқни босиб олишда иштирок этганидан афсусланмаслигини яна бир марта такрорлади.

10 йил давомида Буюк Британия бош вазири лавозимида ишлаган Т.Блэр 27 июнда истеъфога чиқади. Бу унинг Ироққа охирги сафари бўлиши мумкин. Тони Блэрнинг ўрнини молия вазири Гордон Браун эгаллаши кутилмоқда.

Т.Блэр лавозимдан кетганидан сўнг Г.Браун ҳам у юритган сиёсатни давом эттиришига ишонишини билдирди.

“Мен терроризм таҳдидини енгиш ва муваффақиятга эришиш учун уринаётган Ироқни, Ироқ халқини ва Ироқ ҳукуматини Британия қўллаб-қувватлашда давом эттиришига асло шубҳа қилмайман”, - деб баёнот берди Тони Блэр.

У Ироқ уруши масаласида АҚШни қўллаб-қувватлагани, шунингдек, бу мамлакат босиб олинишида фаол қатнашиш ҳақидаги қарори қанчалик тўғри бўлганини вақт кўрсатишини айтди. Т.Блэр Британиянинг Эрон билан яхши муносабат ўрната олиши Теҳрон расмийларининг демократик йўл билан сайланган Ироқ ҳукуматини қўллаб-қувватлашига боғлиқ эканини маълум қилди.

АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картер Тони Блэрни Ироқ урушини кўр-кўрона қўллаб-қувватлаганликда айблаган эди. Т.Блэрнинг Бағдодга сафари чоғида “Би-Би-Си”га интервью берган Жимми Картер унинг АҚШ президенти Жорж Бушни қўллаб-қувватлашини “Бушга бўйсуниш”, деб баҳолаган.

Т.Блэр эса бу масалада ўзгача фикрда. 17 май куни Вашингтонда қилган чиқишида у Лондоннинг АҚШ билан ҳозирги муносабатларига ҳеч қачон шубҳа билан қарамаганини таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG