Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:13

Қозоғистонда ўзбекистонлик тошбақафуруш қўлга олинди


Куни-кеча Қозоғистоннинг ғарбий қисмида 2 мингга яқин тирик жонзотни контрабанда йўли билан Россияга олиб кетаётган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги табиатни қўриқлаш бошқармаси бошлиғи Мақсат Байболовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, ўзбекистонлик контрабандачи Оқтўба вилоятининг “Олға” темир йўл станциясида ушланган. У Тошкент-Челябинск йўналишидаги поезда мингга яқин тошбақа, 4 та қафасда 710 та тўтиқуш, 100 та канарейка, 5 та товус ҳамда 16 та каптарни ноқонуний тарзда олиб кетаётгани аниқланган.

М.Байболов Ўзбекистон фуқароси жониворларни Фарғонадан Россиянинг Оренбург шаҳрига олиб кетаётганини билдирди, аммо тергов жараёни бораётгани сабабли унинг исмини ошкор эта олмаслигини маълум қилди.

“Қўлга олинган эркак тирик юкни Фарғонадан Оренбургга олиб кетаётган бўлган. Маълум бўлишича, у қуш ва тошбақаларни давлатдан олиб чиқишда Фарғона шаҳри бош ветеренари ёзиб берган рухсатномадан фойдаланган. Контрабандадан мўмайгина даромад қилишни режалаштирган бу шахс Фарғона бош ветеренарига пора берган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бунинг барчаси тергов якун топгач маълум бўлади. Аммо ҳозир биз бир муаммога дуч келдик. Гап шундаки, Ўзбекистондан олиб келинган тирик юкни жойлаштириш учун Оқтўба вилоятида жой ва шароит йўқ. Улар ҳозир вилоятдаги зоодўконларнинг бирида вақтинчалик сақланмоқда”, - деди М.Байболов.

Ўзбекистон фуқароси бўлган қоидабузар Қозоғистон Жиноят кодексининг контрабандага оид моддаси асосида жазога тортилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG