Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:11

Тожикистонда “бўлажак жангарилар” қўлга олинди


Тожикистонда диний таълим бериш баҳонасида исломий мамлакатлардан бирига олиб чиқиб кетилган ва у ерда террор амалларини ўзлаштирганликда айбланган бир гуруҳ тожик фуқароси қўлга олинди.

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг жамоатчилик билан алоқалар маркази маъсул ходими Назиржон Бўриевнинг “Озодлик” радиосига билдиришича, тожик фуқаролари Мавлавий Кифоятулло исмли хорижлик дин уламоси воситачилигида чет элга олиб чиқиб кетилган.

“Бу шахс тожикистонлик бир гуруҳ ўсмирни диний таълим бериш баҳонасида қалбаки ҳужжатлар билан қўшни исломий давлатлардан бирига жўнатиб юборган. 10 ёшдан 15 ёшгача бўлган бир гуруҳ тожик фуқаролари ўша давлатда диний таълим олиш билан бир қаторда махсус ҳарбий машқларни ҳам ўзлаштириб борган. Хорижий террорчилик гуруҳлари инструкторлари келгусида бу ўсмирлардан мужоҳид ва худкуш етиштириш мақсадида уларга мунтазам машқлар ўтказиб келган. Хорижликлар босими остида қолган Тожикистон фуқаролари ўша шахслар томонидан калтакланиб, тазйиқларга учраган. Айни пайтда бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари давом этмоқда”, - деди Н.Бўриев.

У мамлакат фуқароларини, хусусан, ота-оналарни ўз фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси ахборот-таҳлил маркази бошлиғи Ҳикматулло Сайфуллозода миллий хавфсизлик идораси вакили келтирган маълумотлар ҳақиқатга унчалик яқин эмаслигини таъкидлади.

Унинг айтишича, сўнгги вақтларда мамлакат ичида индивидуал диний таълим олиш имкониятлари чеклаб қўйилаётгани боис, айрим фуқаролар мамлакатдан ташқарида диний сабоқ олишга мажбур бўлмоқда.

“Исломий давлатлардаги диний мадрасаларнинг мақсади фақат ислом динидан таълим беришдан иборат. Албатта, айрим давлатларда бошқа ғараз ниятларни амалга ошириш билан машғул гуруҳлар мавжудлигини инкор қилмайман. Хабарда ўсмирларнинг қайси ислом давлатига боргани сир тутилаётгани боис, биз бу борада аниқ бир гап айта олмаймиз. Бу ишда қўли борлиги айтилган домла Кифоятулло аслида Афғонистон фуқароси бўлиб, Тожикистонда фаолият юритган эди. У бир қанча вақт илгари миллий хавфсизлик идораси ходимлари билан бўлган айрим тушунмовчиликлардан сўнг мамлакатдан чиқариб юборилганди. Масаланинг бошқа томони борки, қўлга олинган ўсмирлар бирор террорчилик амалига қўл урмагани сабабли уларни террорчи ёки террор гуруҳи аъзоси, дейиш нотўғри бўлади”, - деди Ҳ.Сайфуллозода.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон ҳукумати ва айрим мулозимлар бу каби “ҳақиқатдан йироқ далиллар” билан диний таълим олиш ниятида бўлган фуқароларни бадном қилиш ва аҳолини чўчитишга уринмоқда. Аммо ҳақиқатан ҳам ислом динидан таълим олишни ният қилган кишилар ҳар қандай тўсиқлардан қатъий назар ўз йўлларида давом этаверади. Шу мақсадда мамлакатни тарк этган кишининг у ёки бу гуруҳлар сафига қўшилиб кетиши эса фақат унинг ўзига боғлиқдир.

Мустақил кузатувчилар фикрича, 95 фоизи мусулмонлардан иборат бўлган тожик жамиятида диний таълим бериш талаб даражасида бўлмагани боис, фуқароларнинг ўз диний билимини ошириш учун исломий мамлакатларга чиқиб кетиши давом этаверади.
XS
SM
MD
LG