Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:47

Ёдгор Турлибеков 13 соат давомида ҳибсда ушлаб турилди


Қашқадарёлик 71 ёшли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков Қарши шаҳри бозори директорининг шикоят аризаси асосида 13 соат давомида ҳибсда ушлаб турилди.

Ё.Турлибековнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, тадбиркорлар ҳуқуқларини топтаётгани учун Қарши бозори директори Виктор Ашуровга эътироз билдиргани сабабли бошига шундай кун тушган.

“Бирданига учта тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузилганини эшитиб Қарши шаҳри бозори директорининг олдига бордим. Директор эса эшикни қулфлаб олиб, мени ҳақорат қила бошлади. Кейин мен гўёки президент Каримовни сўкканим ҳақида далолатнома туздирди. Сўнг мени шаҳар милиция бўлимига олиб бориб, 13 соат қамаб қўйишди”, - деди Ё.Турлибеков.

Ё.Турлибеков ҳимоя қилган тадбиркорлардан бири Искра Сармонов бўлиб ўтган воқеага гувоҳдир.

“Ëдгор ака бизнинг аҳволимизни тушунтириш учун директор олдига борди. У киши бўлса бирдан бақириб кетди. 71 ёшли одамни уят гаплар билан сўкди. Кейин Ëдгор акани милиция машинага солиб олиб кетди”, - дейди тадбиркор.

И.Сармонов ўз фарзандлари билан Қарши бозорида видео-аудио-двд маҳсулотлари сотади. У бозор директори Виктор Ашуров томонидан тазйиққа учраганини айтади.

“Тўққиз йилдан бери кунимизга яраб турган бир дўкон бор эди. Шуни бузишимиз кераклигини айтишди, буздик. Қайтадан қурмоқчи бўлсак, бозор директори Ашуров дўконни ўзи қуришини ва биз сотиб олишимиз кераклигини айтди. Бунга ҳам кўндик. Дўкон битгандан кейин мени ҳайдаб солиб, уни бошқага сотишини билдирди. Тўрт болам билан беш ойдан бери ишсиз қолдим”, - деди тадбиркор.

Тадбиркор И.Сармонов ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бел боғлаган Ё.Турлибеков эса вақтинча панжара ортига тушиб қолди. Аммо бир кундан кейин унинг устидан берилган шикоят хати бўйича ҳаракатлар тўхтатилгани маълум бўлди.

“Эртасига борсам, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси, - Қарши шаҳри ИИБ ўринбосари: “Ëдгор ака, кечаги гапларни унутинг, сизни ким ҳам қамарди, бозор директори бироз хархаша қилибди-да”,- деди”.

Айни пайтда Ё.Турлибековнинг ўзи бозор директори В.Ашуров устидан шикоят қилмоқчи.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов фикрича, шикоят учун асос ҳам, далиллар ҳам етарли.

Эслатиб ўтамиз, Ё.Турлибеков амнистия туфайли ўтган йил охирларида қамоқдан озод этилган эди. Ўшанда сафдошлари Ё.Турлибеков ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун қамоққа ташланганини билдирганди.
XS
SM
MD
LG