Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:38

Жорж Буш Россия президентига кўп ҳам ишонмайди


АҚШ президенти Жорж Буш демократиянинг москвача талқини тўғри эканига шубҳа билан қарашини билдириб, Европа билан Россия ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб бораётганини таъкидлади.

Техасдаги ранчосида НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Ж.Бош россиялик ҳамкасбига ғойибона мурожаат қилар экан: “Мен Владимир Путинга вужудга келган вазиятдан чиқишнинг жуда яхши йўли борлигини, манфаатларингиз Ғарбда эканини ва биз биргаликда ишлашимиз лозимлигини айтмоқчиман”, - деди.

Ж.Буш Россиянинг ўзига хос йўли тўғрисида В.Путиннинг ўзига ва Ғарбга қарата айтган гапларини эслаб ўтди.

АҚШ президенти россиялик ҳамкасби билан келаси ойда Германияда бўлиб ўтадиган “катта саккизлик” давлатлари саммитида учрашиши мумкин. Кутилаётган учрашувни назарда тутиб Жорж Буш: “Мен у билан нима учун мамлакатим демократия йўлидан боряпти, деб ўйлаётгани тўғрисидаги гапларимизни давом эттирмоқчиман. Баъзида менга акси бўлиб туюлади”, - деди.

Жорж Буш АҚШ-Россия муносабатларидаги чигал масалалардан бири – АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизимини Марказий Европада жойлаштириш масаласига ҳам тўхталди.

“Мен яқинда мудофаа вазиримизни президент Путин ва унинг ҳукумати билан учрашсин, тўла ва ошкора гаплашиб олсин, деб Россияга жўнатдим, токи руслар ракетадан мудофаа тизимимиз уларга қарши эмас, балки Европа тинчлигига таҳдид соладиган бошқа давлатларга қаратилганини тушунганига ишонч ҳосил қилиб қайтишини истадим”, - деди Жорж Буш.

АҚШ раҳбари айтаётган масала давлат котиби Кондолиза Райснинг ўтган ҳафтада Россияга қилган сафари чоғида ҳам томонлар ўртасида муҳокама қилинди. Райс хоним россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан мазкур масала муҳокамаси оҳангидаги кескинликни бироз юмшатиш лозимлиги тўғрисида гаплашган бўлса-да, томонларнинг муаммога ёндашувидаги икки хилликка барҳам берилмади.
XS
SM
MD
LG