Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:40

Назарбоевнинг қўшниларга кўрсатган “ўрнаги”


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзининг давлат раҳбари сифатида чекланмаган муддат мобайнида лавозимда қолишига имконият яратадиган конституциявий ўзгаришларни маъқуллади.

66 ёшли Н.Назарбоев Қозоғистонни 1989 йилдан буён бошқариб келади. Унинг ҳозирги президентлик ваколатлари 2012 йилда тугаши керак. Аммо янги конституциявий ўзгаришлар Н.Назарбоевнинг умрбод президент бўлиб қолишига изн беради. Бу ўзгаришлар фақат Н.Назарбоевнинг ўзига тааллуқлидир ва унга кейинги президент сайловларида ҳам ўз номзодини қўйишга имкон яратади. Ҳолбуки, конституцияга биноан бир киши давлат раҳбари курсисини икки марта эгаллаши мумкин эмас.

Лондондаги Жейнс стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Мэтю Клементнинг таъкидлашича, Қозоғистондаги янги конституциявий ўзгаришлар Н.Назарбоев қудрати ошиб бораётганига бир далилдир.

“Бу Қозоғистонда кучли назорат ўрнатиб олган Назарбоев сиёсатининг давомийлиги белгисидир. Лекин айни пайтда Қозоғистон демократияга содиқлигини намоён этувчи ўзгартишларни ҳам конституцияга киритган”, - дейди лондонлик таҳлилчи.

Мэтю Клемент бу ерда Қозоғистонда бош вазирни тайинлашда парламент ролининг оширилиши ҳамда президент муддатининг етти йилдан беш йилга қисқартирилишини назарда тутмоқда.

Н.Назарбоевнинг президент курсисида умрбод қолишига йўл очувчи сўнгги ўзгаришлар Марказий Осиёнинг демократик давлатларидан бири сифатида ЕХҲТ раислигига даъвогарлик қилаётган Қозоғистон обрўсига путур етказмайдими?

“Чет давлатларни Қозоғистоннинг табиий бойликлари - нефти ва гази қизиқтиради. Шу жиҳатдан қаралса, бу ўзгаришлар уларда кўп ҳам хавотир уйғотмайди”, - дейди Мэтю Клемент.

Бугунги кунда Қозоғистон иқтисодиёти жадал суръатларда ривожланяпти ва турмуш даражаси Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига қараганда анча юқори. Бироқ бу мамлакатда ўтказилган бирорта сайлов халқаро талабларга мос, деб топилмаган. Мухолифат Н.Назарбоев оиласини мамлакатдаги кўплаб бизнес соҳаларини ўз назоратига олганликда айблаб келади.

Конституцияга киритилган янги ўзгартишлар, кўпчилик назарида, сиёсий ворислик жиддий масала ҳисобланган минтақа учун нохуш ўрнак бўлиши мумкин. Бу фикрга ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов ҳам қўшилади.

“Сўнгги йилларда Қозоғистоннинг нуфузи анча ошди. Марказий Осиёда ҳақиқатан ҳам етакчи давлатга айланди. Бу ўсиш кўплаб давлатлар тарафидан тан олинди. Шундай экан, Қозоғистондаги янги ўзгаришларни қўшни давлатлар ўзига намуна сифатида кўриши мумкин”, - деди Ф.Толипов.
XS
SM
MD
LG