Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:58

Ўзбек мигрантлари юртига қайтарилади


Қозоғистоннинг Оқтўба шаҳрида юздан ортиқ тожик ва ўзбек мигранти қўлга олинди. Тирикчилик мақсадида Россияга йўл олган муҳожирлар Қозоғистон чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтганликда айбланмоқда.

Оқтўба шаҳри ички ишлар департаменти матбуот котиби Алмат Имангалиев сўзларига кўра, миграция полицияси қўлга олган муҳожирларнинг 76 нафари эркак, 13 нафари аёл ва 12 таси вояга етмаган болалардир. Ушланганларнинг 3 нафари Ўзбекистон, қолганлари Тожикистон фуқаролари экани аниқланган.

“Текширув давомида полиция ходимлари 12 муҳожирнинг миграция карточкаси йўқлигини аниқлаган. Қолганларининг паспортида эса давлат ҳудудини тарк этгани ҳақида муҳр бўлмаган. Маълум бўлишича, тожик ва ўзбек муҳожирлари чегарани айланма йўллар орқали кесиб ўтган”, - деди А.Имангалиев.

Унинг айтишича, муҳожирлар Россиянинг Самара шаҳрига вақтинчалик ишлаш учун кетаётган бўлган. Аммо уларнинг Россия сари сафари анча мураккаб кечган.

“Хорижликларни сўроқ қилиш давомида маълум бўлдики, улар “Газел” русумли машинада Қирғизистон орқали Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрига келган. У ерда тожик ва ўзбек муҳожирлари Олмаота-Оқтўба йўналишидаги поезд кузатувчиси билан келишилган ҳолда чипталар харид қилмай Оқтўба шаҳрига етиб келган. Оқтўбада автобус чипталарини харид қилган нолегаллар Россия томон йўл олган”, - деди А.Имангалиев.

Айни пайтда Қозоғистоннинг миграция тўғрисидаги қонунига риоя қилмаган 86 тожик ва 3 ўзбек муҳожирига нисбатан маъмурий жазо қўлланилган. Яқин кунларда улар ўз юртига қайтариб юборилиши кутилмоқда.

А.Имангалиев муҳожирлар билан суҳбат давомида уларни бундай йўл тутишга ўз юртларидаги оғир иқтисодий аҳвол мажбур қилганига амин бўлганини таъкидлади.

Қозоғистонда нафақат ноқонуний мигрантлар, балки таъмагирлик орқасидан уларнинг қоидабузарлигига панжа орасидан қараётган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳам қарши кураш бошланган.

“Отров шаҳри миграция полицияси бошлиғи Ўзбекистон фуқароларининг миграция карточкаси муддатини тезкор равишда узайтириб бериш учун 4 минг танга пора талаб қилган. Амалдор пора олиш вақтида қўлга олинди ва ҳозир у ички ишлар департаменти изоляторида сақланмоқда. Унга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 311-моддаси 4-банди, яъни порахўрлик бўйича айблов эълон қилинди”, - дейди Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Ивашенко.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги миграция департаменти ходими Серик Саинов меҳнат муҳожирлари ўз ҳуқуқларини билмагани сабабли ҳам турли муаммоларга дуч келаётганини билдирди.

“Қозоғистоннинг миграция тўғрисидаги қонунига кўра, чет эл фуқароси миграция карточкасига эга бўлган тақдирда 3 ой давомида мамлакат ҳудудида бўлишга ҳақлидир. Бу муддатдан сўнг Қозоғистонда қолиш истагини билдирган хориж фуқароси миграция карточкасини яна 3 ойга чўздириши мумкин. Аммо муҳожирларнинг кўплари ўз ҳуқуқини билмагани сабабли миграция департаментидаги ходимларга пора бериш йўли билан иш битиришга ҳаракат қилади”, - дейди Серик Саинов.
XS
SM
MD
LG