Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:09

“Нурбанк” иши: Прокуратура мактуби ўринлими?


Олмаота прокуратураси КТК телеканали, “Караван” ва “Время” газеталарига “Нурбанк”нинг жиноят ишига тегишли журналистик суриштирув натижаларини эълон қилмасликни сўраб мактуб жўнатди.

“Сизга мазкур жиноят иши бўйича ўтказилган журналистик текширув натижалари акс этган видеотасвирларни ҳуқуқ-тартибот органлари рухсатисиз эфирга узатмасликни таклиф этамиз”, - дейилади КТК телеканали бош директори номига йўлланган хатда.

Қозоғистондаги энг йирик банклардан бири бўлмиш “Нурбанк” атрофида бўлаётган можаролар бугун қозоқ жамияти диққат-марказида турган воқеалардан бири ҳисобланади. Жорий йил бошида банк раиси ва унинг ўринбосари ишдан бўшатилгач, банк биносига ҳужум уюштирилиб, собиқ раҳбарлар бедарак йўқолган эди. Уларнинг яқинлари президент Нурсултон Назарбоевнинг куёви Роҳат Алиевни айни жиноятга алоқадорликда айблаб келмоқда.

КТК телеканали, “Караван” ва “Время” газеталари журналистлари мазкур иш юзасидан суриштирув ўтказиб, муайян материаллар тўплаган. Энди эса прокуратура бу материалларин жамоатчилик ҳукмига ҳавола этмасликни сўрамоқда. Бироқ мазкур ОАВлар вакиллари прокуратура йўриғига юришдан бош тортаётир.

“Биз бу каби мактубларни демократик тамойилларга қарши ҳисоблаймиз. Ундаги талаблар Қозоғистонда юз бераётган демократик ўзгаришларга мутлақо зид. Масалан, Ғарб давлатларида бирор ҳуқуқ-тартибот органи ОАВ фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқига эга эмас. Қайсидир кучлар “Нурбанк” собиқ раҳбарларининг ўғирланиши борасидаги ҳақиқат ошкор бўлмаслигини истаяпти. Шу сабабли ҳам бу материал халққа етиб боришига тўсқинлик қилинмоқда”, - деди “Время” газетаси бош муҳаррири Игорь Мельцер “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Олмаота шаҳри прокуратураси хатида “Нурбанк”ка алоқадор жиноят иши бўйича материаллар фақатгина терговчи ёки прокурор рухсати билан ошкор этилиши мумкинлиги, акс ҳолда прокуратура талабларига риоя қилмаган ОАВ фаолияти тўхтатилиши билдирилган.

Аммо КТК телеканали матбуот котиби Василий Тараканов ОАВларда кўрсатув ёки нашрнинг бирор сонини тўхтатиш фақатгина суд томонидан чиқарилган ҳукм асосида амалга оширилиши мумкинлигини айтади.

“Журналистлар хавф остида” жамғармаси президенти Розлана Таукина прокуратура ва юқорида номлари келтирилган ОАВлар ўртасидаги можарода прокуратура талаблари мутлақо ўринли эканини таъкидлади.

“Нурбанк”нинг бош акциядори ҳамда КТК телеканали ва “Караван” газеталари таъсисчиси Роҳат Алиев экани барчамизга маълум. Бу ҳақда Алиевнинг ўзи ҳам яқинда “Рейтер” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди. Шу сабабли юқоридаги номи тига олинган ОАВлар “Нурбанк” билан боғлиқ жиноят ишини Р.Алиевнинг ҳимоясига асосланган ҳолда ёритмоқда, яъни уларнинг материаллари объектив эмас. Шу боис, прокуратура тергов ишида чалкашлик бўлмаслиги учун ОАВлардан видеосюжетлар ҳамда мақолаларни эълон қилмасликни сўраган. Мен бу ўринда прокуратурани ёқлайман. Улар КТК телеканали, “Время” ҳамда “Караван” газеталарига дўқ-пўписа қилиб эмас, балки илтимос тарзида мактуб йўллаган”, - дейди Розлана Таукина.
XS
SM
MD
LG