Линклар

logo-print

Экологияга оид халқаро хабарлар

  • Ҳасанжон

Нью-Йорк шаҳрида бир неча ўн йилдан бери ҳавога зарарли газлар чиқариб келаётган сариқ рангли тахминан 13 минг дона такси келаси беш йил ичида газ ва электрда юрадиган гибрид моторли яшил рангли таксиларга алмаштирилади.

Ҳозир саккиз миллион киши яшайдиган Нью-Йорк аҳолиси келаси 20 йил ичида 900 мингга кўпайиши кутилмоқда. Ўтган ҳафтада дуёнинг йирик шаҳарлари ҳокимлари йиғилишида чиқиш қилган Нью-Йорк мэри Майкл Блумберг 2030 йилга қадар Нью-Йорк дунёдаги ҳавоси тоза шаҳарлардан бирига айлантирилишини билдирган эди.

М.Блумбергнинг режасига кўра, 2008 йилга қадар Нью-Йоркда гибрид моторли мингта такси мижозларга хизмат кўрсата бошлайди. 2012 йилга қадар улар сони ҳар йили 20 фоиз кўпайиб боради. Нью-Йоркдаги тахминан тўрт мингта автобус ҳам аста-секин табиий газ ёки дизел-электр моторли автобусларга алмаштирилади.

*** *** ***

22 майда Халқаро биохилмахиллик куни нишонланди. Сана муносабати билан эълон қилинган ҳисоботда глобал илиқлашув оқибатида келаси бир неча ўн йил мобайнида картошка ва ерёнғоқнинг ёввойи турлари бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги билдирилган.

Қишлоқ хўжалик экинлари бўйича италиялик мутахассис Энди Ярвис “Франс-пресс” ахборот агентлигига берган интервьюсида йўқолиб кетиш хавфига учраган ўсимликлар уруғларини йиғиш ва сақлаш ишлари аллақачон бошланган бўлиши кераклигини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозир мавжуд ўсимлик уруғлари банкида табиатда учрайдиган ёввойи ўсимликларнинг жуда оз қисми бор.

Қишлоқ хўжалик тадқиқотлари халқаро маркази маълумотига кўра, келаси 50 йил ичида ерёнғоқнинг ўттизга яқин ёввойи тури ҳамда ёввойи картошка бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Ҳисоботда билдирилишича, сўнгги йилларда олимлар ёввойи турдаги картошкалар ген ҳужайралари асосида касалликка чидамли бўлган картошканинг серҳосил навларини яратишга муваффақ бўлган.

*** *** ***

21-23 май кунлари Прага шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 15-иқтисодий ва атроф-муҳит форуми бўлиб ўтди.

Анжуманда қатнашган Россия вакили Каспий денгизида нефть ва газ қазиб чиқариш ҳамда ташилишининг атроф-муҳитга етказаётган зарари ўрганилишига чақирди.

Россиянинг Табиий ресурслар назорати федерал хизмати бошлиғи ўринбосари Олег Митволнинг айтишича, жорий йилнинг ўзида Каспий минтақасида 10 мингдан ортиқ тюлень ўлиги топилган.

“Олимларимиз тюленлар ўлимига нефть қазиб чиқариш сабаб бўлмоқда, деган фикрда. Каспий ҳавзасида трансмиллий корпорациялар ишлаяпти. Менимча, минтақанинг иқтисодий ва экологик ривожланишидан манфаатдор бўлган ЕХҲТ вазиятни биргаликда назорат қилиш ишларига бош бўлиши мумкин. Биз айнан ЕХҲТ ҳомийлигада вазиятни яқиндан ўрганишни таклиф қиламиз”, - деди россиялик атроф-муҳит ҳимоячиси.

*** *** ***

18 май куни Тошкент-Челябинск йўналишида қатновчи йўловчи поезд Қозоғистоннинг “Олға” станциясида текширилган пайтда Ўзбекистон фуқаросига тегишли қопларда кўплаб тошбақа ва қушлар топилди.

“Юклар текширилган пайтда қопларда мингта тошбақа, шунингдек, 710 та тўти, 100 та канарейка, 5 та товус ва 16 та кабутар солинган тўртта қафас топилди. Ушланган шахс юкни Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳридан Россиянинг Оренбург шаҳрига олиб кетаётгани аниқланди. Унда Фарғона шаҳри бош ветеренари берган гувоҳномадан ташқари бошқа ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган. Ветеренария ҳужжатида кўрсатилган рақамлар у олиб кетаётган қушлар ва тошбақалар сонига мос келади. Ҳозир бу иш юзасидан текширув ўтказиляпти. Айни пайтда Оқтўба шаҳрида қуш ва тошбақалар сақлаш учун махсус жой бўлмагани сабабли уларни боқиш муаммоси пайдо бўлди”, - дейди Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Олег Ивашенко “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Унинг айтишича, боқиш учун етарли шароит бўлмагани сабабли мусодара қилинган қушларнинг бир қисми нобуд бўлган.

*** *** ***

БМТ дунё мамлакатлари глобал иқлим исишининг олдини олиш мақсадида бир миллиард дона дарахт кўчати экишни ваъда қилганини билдирди.

БМТнинг Атроф-муҳит дастури маълумотига кўра, Нобел тинчлик мукофоти соҳиби, Африкада 30 миллион туп дарахт эккан “Яшил белбоғ” ҳаракати асосчиси Маатай Вангари ташаббуси билан ўтган йил ноябрда бошланган бу кампания давомида ҳозирга қадар 14,1 миллион дарахт кўчати экилган.

БМТнинг Атроф-муҳит дастури раҳбари Ачим Штайнернинг таъкидича, дунёда миллионлаб дарахт кўчатининг тез суръатда экилиши одамларнинг глобал илиқлашув жараёнини тўхтатиб қолиш истаги кучли эканидан далолат беради.

Мутахассислар фикрича, янги дарахт кўчатлари экиш нафақат глобал иқлим ўзгариши, балки, биринчи навбатда, маҳаллий экологик вазиятни яхшилашда ёрдам беради.
XS
SM
MD
LG