Линклар

Рус комбайнларининг Ўзбекистон бозорига йўли ёпилдими?

  • Абдулла Искандар

Хатирчидаги “ЎзДонмаш” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси бош директори Исоқул Ҳаитов шу йилнинг 18 май куни Тошкент шаҳри прокурори санкцияси асосида ҳибсга олингани маълум бўлди.

Бу ҳақда хабар тарқатган “Ўзметроном” сайти бош муҳаррири Сергей Ежковнинг билдиришича, И.Ҳаитов ўғирлик, товламачилик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ва лавозимидан фойдаланиб ҳужжатларни сохталаштиришда айбланмоқда.

Маълум бўлишича, И.Ҳаитов ҳибсга олинишидан сал олдин Тошкентда ўтказилган қишлоқ хўжалик машиналари кўргазмасига ташриф буюрган бош вазир Шавкат Мирзиëев Хатирчида йиғилган “Дон” комбайнларини кўргазманинг асосий қисмидан олиб ташлашни буюрган. Ана шундан кейин Россияда ишлаб чиқариладиган “Дон” ғалла ўриш комбайнларининг Ўзбекистон бозорига кириб келишига тўсқинликлар яратиш бошлангани ҳақида маълумот тарқалди.

С.Ежков Германиянинг “Класс-Доминатор” ширкати рус комбайнларини ўзбек бозоридан қувиб чиқариш мақсадида изчил иш олиб борганини айтади.

Унинг таъкидлашича, И.Ҳаитовнинг ҳибсга олиниши айнан рақобат кураши билан боғлиқ.

“Дон” комбайнларининг Ўзбекистон бозорига кириб келишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “ЎзДонмаш” қўшма корхонаси фаолияти прокуратура томонидан қаттиқ текширилаëтгани анча бўлди. Ўзбекистон томонидан таъсисчиси Хатирчидаги “Янгийўл” машина-трактор парки, Россия томонидан таъсисчиси “Донснаб” очиқ акциядорлик жамияти бўлган бу қўшма корхонанинг банкдаги ҳисоб рақами ва конвертация учун мўлжалланган 435 миллион сўм маблағи прокуратура томонидан бундан икки ой олдин ҳибс этилган эди. Бунинг оқибатида “ЎзДонмаш”нинг Ўзбекистонга 350 та комбайн олиб келиш билан боғлиқ шартномаси бажарилмай қолди.

“Ўзметроном” сайтида рус комбайнларини Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқариш фикри “Класс-Доминатор” комбайнини ишлаб чиқарадиган германиялик рақобатчилардан чиққан бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади. Бошқа кузатувчилар эса расмий Тошкент шу йўл билан инсон ҳуқуқларига кўз юмишга тайëр турган Германияга хушомад қилмоқчи бўлаётганини айтмоқда.

Аммо Ўзбекистон банкларидан бирида комбайнлар лизинги билан шуғулланувчи бошқарма бошлиғи Файзулла ака бундай фикрни рад қилди.

“Ҳеч ким фермерларни немис комбайнини сотиб олишга мажбурламаяпти. Очиқ бозорда ҳар ким хоҳлаган комбайнини олаверади. “Класс-Доминатор” комбайнлари ўтган йилдан бери сотиб олиняпти ва бунда сиëсий омил йўқ. Ери кичиклар немис комбайнини оляпти. Чўл зонасидаги катта ерга эга фермерлар рус комбайнини харид қиляпти”, - деди Файзулла ака.
XS
SM
MD
LG