Линклар

Россияда сўз эркинлиги тобора чекланмоқда

  • Барно Анвар

Дунёнинг 100 давлатидан жами 500 мингга яқин журналистни ўзида бирлаштирган Журналистлар халқаро федерациясининг бу йилги анаъанавий конгресси келгуси ҳафтада Москвада ўтадиган бўлди.

Жуналистикада адолатга эришиш учун кураш кампанияси конгресс кун тартибига бу йил қўйилган бош мавзу сифатида белгиланди.

Дунёнинг турли мамлакатларидан келадиган қалами ўткир журналистларга мезбонлик қилиш эса Россия учун анчагина нозик сиёсий вазият ҳукм суриб турган бир вақтга тўғри келмоқда. Хусусан, ўтган ҳафтада мамлакатда етакчилардан бири ҳисобланган “Рус янгиликлари хизмати” радиосининг 8 журналисти радиоэшиттиришлар цензура қилинганидан норози бўлиб ишдан кетди.

Ўтган ойда радиога янги раҳбар тайинлангандан кейин ишдан кетган журналистлар орасида Артём Хан ҳам бор.

Артём Хан сиёсий мухолифат аъзолари Москва бош майдонида ўтказишни кўзлаган “Норозилар марши”ни ёритиш янги раҳбарият томонидан тақиқлангандан кейин бундай радиода бошқа ишлай олмаслигини тушунганини ва ўз ихтиёрий билан ишдан кетганини айтади.

“Мен журналист сифатида ўз вазифамни бажариш имконидан маҳрум этилдим. Янги раҳбарият иш бошлаганининг биринчи ҳафтасидёқ бу аниқ бўлди. Раҳбар билан сешанба куни танишдик. “Норозилар марши” эса якшанба куни бўлиши керак эди. Аммо бу ҳақдаги материал эфирга кетмади. Бунга жавобан менга: “Марш бўлмадими, хабар ҳам бўлмайди”, деган гап айтилди”, - дейди Артём Хан.

Артём Хан билан бирга ишини ташлаган яна 7 журналистга ҳукумат нуқтаи назарини ифодаловчи “Биринчи канал” телевидениесидан тавсия этилган янги раҳбар алоҳида воқеаларга оид хабарлар, жумладан, Эстониядаги Совет аскари хотирасига қурилган монументнинг кўчирилиши мавзуидаги эшиттиришларни тайёрлашига тўсқинлик қилган, цензура қўллаган.

Радионинг янги директори Всеволод Нерозняк эса бундай айбловларни “кулгили”, деб баҳоламоқда.

“Ҳеч қандай цензура йўқ. Бу агентлик тирик жон. Кимдир келади, кимдир кетади. Ваҳоланки, яқин-яқингача ҳам бу радиостанция бир гуруҳ интузиастларнинг ўз фикрини уқтирувчи минбарига ўхшар эди. Шу боис, аҳволни мақсадга мувофиқ томонга ўзгартириш ва шу орқали пул ишлашга ўтиш учун янги менежмент қўллашга қарор қилинди”, - деди В.Нерозняк.

Шу ой аввалида Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Россияни матбуот эркинлиги аҳволи ёмонлашаётган давлатлар рўйхатида учинчи ўринга жойлаштирди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кузатиб келадиган бошқа ташкилот – “Фридом ҳаус” эса Россияга ўз рўйхатининг энг қуйи қисмидан жой берди. АҚШ Давлат департаментининг матбуот эркинлигига тўсқинлик қилувчи давлатлар рўйхатида эса Россия Афғонистон, Миср, Ливан каби давлатлар сафидан ўрин олган.

Россия Журналистлар уюшмаси бош котиби Игор Яковенко мамлакатда ОАВлар аҳволи ўта аянчли эканини тасдиқлади.

“Россияда сўз эркинлиги тобора камайиб бораётганини кузатяпмиз. Борган сари кўплаб ахборот воситалари Кремль назоратига ўтмоқда. Тўғридан-тўғри ёки бевосита давлат назорати ўрнатилмоқда. Қонунларга журналистлар ҳуқуқини чекловчи янги-янги ўзгартиришлар киритилмоқда. Масалан, яқинда журналистларнинг давлат органларига ахборот учун сўровнома киритишини тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинди”, - деди И.Яковенко.

У яқинда “Норозилар марши”ни бостириш чоғида мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари журналистларга нисбатан ўта қўпол муносабатда бўлганини тилга олди.

“Норозилар марши”ни бостириш чоғида журналистлар оммавий тарзда калтакланди. Биз бу тўполонда ажралиб туриши учун журналистларга “Пресса” сўзлари ёзилган махсус кийим тарқатган эдик. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ана шу камзуллиларни танлаб калтаклаган пайтлар бўлди. Ҳукумат вакиллари эса бу ҳаракат учун жавобгарликка тортилмаслигини аниқ билади”, - дейди И.Яковенко.
XS
SM
MD
LG