Линклар

Риштонда нима бўлган эди? Миллий низо ҳақидаги гап-сўзлар кимгадир керакка ўхшайди

  • Сарвар Усмон

“Озодлик” мухбири яқинда Фарғона вилоятининг Риштон туманида ўзбек ва тожиклар ўртасида миллатлараро можаро чиқиб, тўрт киши ўлгани ҳақидаги гап-сўзларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

“Озодлик” мухбири дастлаб Риштон тумани ҳокимлигига қўнғироқ қилиб, у ердан можаро ҳақидаги гап-сўзлар “ёлғон” ва “ҳеч ким ўлмаган”и ҳақидаги жавобни олди.

Риштондаги баъзи тингловчилар эса туманда 16 май куни қандайдир жанжал бўлгани, унда кимдир ёки кимлардир ҳалок бўлгани бор гаплигини айтмоқда.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлиб ўтган можарога ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

“10 кунча муқаддам Риштон марказида икки улфат бирга ичиб ўтириб, ораларида жанжал чиққан. Улардан бири - Собир исмли йигит Риштон туманининг Зодиён қишлоғидан. Иккинчиси – Фаррух, туман марказидан. Иккаласи муштлашиб кетган. Муштлашув бошлангач, риштонлик Фаррухга 3- 4 ҳамшаҳри ёрдамга келган. Улардан бири Собирнинг кўксига тепгач, Собир чалқанча йиқилиб, мияси билан бетонга тушган ва икки кун шифохонада ётиб, ўлган”, - деди А.Эргашев.

Унинг сўзларига кўра, ўлган йигитнинг миллати ўзбек, ўлдирганники эса ярим ўзбек, ярми тожик. Собиржон 17 май куни дафн этилгач, унинг оила аъзолари, қариндошлари – тахминан 500 киши қасд олиш мақсадида Риштонга қараб юрган. Гарчи бу воқеада миллий мотив бўлмаса-да, оломонни кўрган риштонликлар ўзбеклар тожикларни ўлдиргани келяпти, дея қочиб, дарвозаларини беркитиб олган. Келганлар тош отиб, бир-икки уйнинг ойналарини синдирган. Бу ишга дарҳол милиция аралашиб, қўшни туманлардан ёрдам чақиргач, жанжал шу билан барҳам топган.

“Лекин мана шундан кейин ўзбеклар тожикларни дўппослагани келди, деган хабарлар пайдо бўляпти. Тўртта одам ўлди, ўзбеклар билан тожиклар орасида жанжал чиқди, деган хабарлар ёлғон”, - деди А.Эргашев.

Хуллас, Риштон ва унинг атрофидаги ҳудудлар аҳолисини ваҳимага солган, турли узунқулоқ гапларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган воқеа тафсилоти шу. Демак, 4 киши эмас, бир киши ўлган бу можаро ўзбек-тожик жанжали ҳам эмас.

Бас, шундай экан, нима учун бу жанжалга баъзилар миллатлараро можаро тусини бермоқда?

Абдусалом Эргашев бу саволга жавобан фикр билдирар экан, 1989 йилги воқеаларни эслади.

“Ўша воқеаларнинг ичида бўлганман. Улар ҳақида анчагина аналитик материаллар ёзган муаллиф сифатида айта оламанки, 89- йилги месхети туркларига қарши қўзғолон ҳам худди мана шундай воқеа бўрттириб кўрсатилганидан, ёлғон хабар тарқатилганидан кейин бошланган эди. Шу кунда ҳам худди ўша сценарийдан фойдаланиляпти. Фарғона вилоятидаги инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ҳозирги кунгача миллий низолар, дейлик, ўзбеклар билан тожиклар ёки ўзбеклар билан қирғизлар ўртасидаги жанжал тўғрисида биронта ҳам ариза ёки хабар келиб тушмаган”, - деди А.Эргашев.
XS
SM
MD
LG