Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:49

Б.Володарский: “Заҳар Кремлнинг ўз мухолифларига қарши муҳим қуролидир”


Душманлари томонидан заҳарланганлар рўйхатига Украина президенти Виктор Юшченко, Қозоғистон ва Тожикистондаги сиёсий мухолифатнинг таниқли вакиллари қаторида Қирғизистон бош вазири ҳам қўшилди.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг заҳарлаб ўлдирилган собиқ офицери Александр Литвиненконинг қотили масаласида Буюк Британия прокуратураси яқинда баёнот эълон қилди. Унда бу қотилликда А.Литвиненконинг собиқ сафдошларидан бири Андрей Луговой айбланаётгани билдирилади.

Кремль А.Литвиненкони ўлдиришни президент Владимир Путин буюрган бўлиши мумкин, деган тахминларни шу пайтгача инкор этиб келди. А.Луговой эса Британия прокуратураси хулосаси ортида сиёсий сабаблар борлигини таъкидлади.

А.Литвиненконинг заҳарланиш оқибатида ўлиши постсовет республикалари айрим арбобларининг заҳарланишида Кремлнинг қўли бормикин, деган шубҳаларни кучайтириб юборди.

Масалан, Россияда чиқадиган баъзи газеталар Сапармурод Туркманбоши ўз ажали билан ўлмаган бўлса керак, у ўлдирилгандир, деган гапларни ёзди.

Газеталар Туркманбошининг ўлимини унинг газ бўйича Россия билан имзоланган шартномаларни қайта кўриб чиқиш нияти билан боғлади.

Туркманистоннинг тўла давлат назорати остида бўлган ахборот воситалари бундай миш-мишлар тўғрисида, албатта, бирор нима демади.

Бироқ “Озодлик” радиоси туркман хизматининг мамлакат ичидаги манбалари сўзларига кўра, Туркманистоннинг юқори доираларида С.Ниёзов ўлдирилгани ҳақида гумонлар юрибди.

Собиқ совет разведкаси зобити, ҳозир Лондонда яшовчи Борис Володарский фикрича, А.Литвиненко В.Путинни танқид қилгани учун хавфсизлик хизмати жосуслари томонидан заҳарланган бўлиши мумкин.

Б.Володарский С.Ниёзовнинг ўлими ёки Қирғизистон бош вазири Олмос Отамбоевнинг заҳарланиши тўғрисида фикр билдириш учун бу воқеаларга оид етарли маълумотларга эга эмаслигини айтиб, далил-исботга эга бўлмай туриб, у ёки бу арбобнинг Кремль томонидан заҳарлангани тўғрисида гапириш нотўғри эканини таъкидлади.

“Бирор гап айтиш учун юз берган воқеанинг барча тафсилотларини билишингиз лозим. Заҳарловчи заҳарланувчининг шахсий душмани, ҳатто оиласи аъзоси бўлиши мумкин. Маҳаллий полиция ҳам бўлиши мумкин. Ҳар ким бўлиши мумкин. Заҳарланиш қандай рўй берганини, қандай заҳар ишлатилганини билиш лозим. Ана шундан кейин хулоса чиқариш мумкин”, - дейди собиқ разведкачи.

Айни пайтда Б.Володарский қатор заҳарланишлар ва сирли ўлимлар ортида Кремль турибди, деган фикрлар бежиз пайдо бўлмаганини ҳам қўшимча қилар экан: “Кремль ўз геосиёсатида 1917 йилдан бошлабоқ душманларига қарши заҳар ишлатиб келган. Ҳар ҳолда Рус-Совет тарихининг сўнгги 85 йилида чет элда 21 марта заҳарлаш амалга оширилганини айта оламан. Шундай қилиб, ўртача ҳар тўрт йилда бир мартадан катта халқаро жанжалга сабаб бўлувчи заҳарлаш амалга оширилганини айтиш ўринли бўлур эди. Бу статистикадан қочиб қутулиб бўлмайди. Россия ва Кремль заҳардан фойдаланиб келган ва бу иш давом эттирилмоқда. Заҳар Кремлнинг ўз мухолифларига қарши муҳим қуролидир”, - деди.
XS
SM
MD
LG