Линклар

Ирландияда ўзбек аёли қотилликда айбланмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Ирландиянинг Корт шаҳрида ўз эри, 39 ёшли Абдуазим Сулаймоновни ўлдиришда айбланаётган 35 ёшли Дилором Сулаймонова устидан суд жараёни 13 июнь куни ўтказилиши эълон қилинди.

Ирландияда чиқадиган “Айриш экзамайнер” газетасининг ёзишича, Д.Сулаймонова чоршанба куни ҳибсга олинган.

“У изқувар Деклан О’Сулван томонидан ҳибс этилди ва қилмишига иқрор бўлди. Аёл эрининг тинимсиз зўравонлиги, калтаклашларига чидай олмай фарзанди, онаси ва ўзини ундан ҳимоя қилиш мақсадида фалаж ҳолатда бу ишни қилганини айтди”, - дейди мазкур газета мухбири.

Маълум бўлишича, қотиллик 31 декабрь янги йил оқшомида содир этилган. Аммо ушбу фожеа тафсилотлари айтилмаяпти.

“Айриш экзамайнер” газетасининг ёзишича, Д.Сулаймонованинг эри Абдуазим Сулаймонов 31 декабрь куни номаълум сабабларга кўра олган тан жароҳати билан оғир аҳволда шифохонага ётқизилган ва бир ҳафта ўтиб ўша ерда жон берган.

Ирландиянинг Корт шаҳри жиноят ишлари суди ходими мазкур иш юзасидан суд 13 июнга қолдирилганини маълум қилди.

“31 декабрь куни амалга оширилган бу қотиллик, яъни Абдуазим Сулаймонов ўлдирилиши юзасидан суд келаси ойда бўлиб ўтади. Аёл 2000 евро миқдорида гаров пули ва паспортини топшириш, ҳафтада уч марта полицияга учраб туриш ҳамда 13 июнь куни судда ҳозир бўлиш шарти билан қўйиб юборилди”, - деди Корт шаҳри суди ходими.

Д.Сулаймонованинг Ирландияга оиласи билан қачон келгани ва қандай мақомга эгалиги номаълум.

“Айриш экзамайнер” газетаси мухбири аёлнинг Ирландияга келганига кўп бўлмаганини айтади.
“У ўзбек аёли ва менимча, ҳали ҳам Ўзбекистон фуқаролигини йўқотмаган. Инглизчани ҳам билмайди. У билан таржимон орқали суҳбатлашдик”, - деди газета мухбири.

Бу Европа давлатларида сўнгги олти ой ичида ўзбеклар томонидан амалга оширилган иккинчи шов-шувли қотилликдир. Ўтган ойда Норвегиянинг Намсос шаҳрида 26 ёшли Баҳодир Мирзаолимов ҳомиладор норвег хотини ва унинг етти ёшли қиз жиянини ўлдиргани Скандинавияни ларзага келтирган эди.

Норвегияда яшовчи ўзбекистонлик журналист Евгений Дьяконов бунақа ҳодисалар Европада “ўзбеклар қотил” деганга ўхшаш тушунча шаклланишига сабаб бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан қочирмайди.

“Бу ерда жамоатчилик ушбу қотиллик ҳақида эшитиб ларзага келди. Норвегия аҳолиси Ўзбекистонни Андижон воқеалари орқали билар эди. Уларда ўзбеклар меҳнаткаш, меҳмондўст одамлар экани ҳақида тасаввур шаклланган. Ҳозир эса бу қотилликдан бутун Скандинавия ларзага келган, энди уларда ўзбеклар қотил, деган фикр ҳам шаклланди”, - дейди Е.Дьяконов.

Ирландия пойтахти Дублинда яшаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Абдужалил Бойматов эса Европанинг бошқа давлатлари қатори Ирландияда ҳам оммавий ахборот воситалари эркин бўлгани учун Ўзбекистонда пайқалмаган нарсалар Европада очиқ кўзга ташланиб қолаётганини айтади.

“Ирландияда ҳам, Норвегияда ҳам оилада зўравонлик бўлса, жамият бу нарсадан дарров хабар топади-да, ҳаммаси газеталарда босилади. Ҳамма ерда ҳамма нарса очиқ, эркин муҳокама қилинади. Жамият ўшанга қараб фикрлайди, шу нарса бошқа такрорланмаслиги учун курашади. ОАВ эркин бўлгани учун Ўзбекистонда пайқалмаган нарсалар Ғарб мамлакатларида кўзга очиқ ташланиб қоляпти”, - дейди А.Бойматов.

Норвегия ва Европанинг бошқа давлатларида яшовчи ўзбекистонликлар бу ваҳшиёна қотилликни эшитиб, юз берган воқеадан чуқур изтиробда эканликлари ҳамда жиноятни қатъий равишда қоралашлари ҳақида баёнот тарқатди.
XS
SM
MD
LG