Линклар

logo-print

Чегарадан ўтар карвон...


Куни-кеча ўзбек-қозоқ чегарасида 10 тоннадан ортиқ рангли металлни контрабанда йўли билан Қозоғистонга олиб ўтишга уринган Ўзбекистонга қарашли 33 та автомобиль қозоқ чегарачилари томонидан қўлга олинди.

Қозоғистон чегара хизматининг “Жануб” ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари полковник Роман Қурманбоевнинг билдиришича, Сариоғоч туманининг “Интимоқ” чегара постида Ўзбекистонга қарашли 30 та “УАЗ” ва 3 та юк машинаси Қозоғистон ҳудудига яширинча ўтаётганда ушланган.

“Машиналарнинг ҳаммасига рангли металл юкланган бўлиб, уларнинг умумий ҳажми 10 тоннадан зиёд. Автомобиллар юклари билан биргаликда чегара хизмати бошқармасига етказилди”, - деди Р.Қурманбоев.

Маълум бўлишича, қоидабузарларни қўлга олиш учун Интимоқ маҳалласи қозоқ чегарачилари томонидан қуршаб олинган. Контрабандачилар машиналари ва юкларини ташлаб, Ўзбекистон ҳудудига ўтиб яширинишга улгурган.

Р.Қурманбоев Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда контрабанданинг эгалари ва ҳайдовчиларнинг шахси аниқланаётгани, бу ишда Ўзбекистон чегарачилари ҳам кўмак кўрсатаётганини билдирди.

Юқоридаги каби воқеа ўтган ҳафтада ҳам содир бўлганди. 16 май куни Ўзбекистонга қарашли 73 та енгил автомобиль чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган пайтда қозоқ чегарачилари томонидан қўлга олинган эди. Ўзбекистон фуқаролари бу автомобилларда Қозоғистонга печенье, ёғ ва шу каби озиқ-овқат маҳсулотларини контрабанда йўли билан олиб ўтмоқчи бўлгани аниқланди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг мазкур қоидабузарликка алоқадор 20дан ортиқ фуқароси Сариоғоч туманидаги чегара қисмида ҳибсда сақланмоқда.

Полковник Роман Қурманбоев сўзларига кўра, сўнгги йилда ўзбек-қозоқ чегарасидан контрабанда товарлари олиб ўтиш ҳолатлари беш баробар кўпайган. Жорий йил бошидан буён ўзбек-қозоқ чегарасида контрабанда билан боғлиқ элликдан зиёд ҳолат аниқланган бўлиб, 20 миллион танга, яъни 170 минг АҚШ доллари қийматидаги товарлар ва 300 килограммга яқин наркотик модда ушлаб қолинган.
XS
SM
MD
LG