Линклар

Тожикистонда серхарж маросимларга жиддий чеклов жорий қилинмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон томонидан мамлакатда тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш тартиби тўғрисида тақдим этилган янги қонун лойиҳаси кўплаб жиддий чекловларни назарда тутади.

И.Раҳмон бу ҳужжатни мамлакат жамоатчилиги вакиллари билан учрашувда тақдим этди.

“Республикада тўй ва мотам маросимларини тартибга солиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 20 мингдан ортиқ фуқаронинг президент сайтига келиб тушган фикр-мулоҳазалари, бошқа мусулмон давлатлар тажрибалари ҳамда мамлакат аҳолисининг ижтимоий аҳволини ҳисобга олган ҳолда тайёрланди.
Мазкур қонуннинг мақсади аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, мамлакатдаги қашшоқликка барҳам бериш ва ортиқча харажатларнинг олдини олишдан иборатдир”
, - деди Имомали Раҳмон.

Қонун лойиҳасига кўра, Тожикистон мустақиллиги, Конституция куни, Наврўз, Қурбон ва Рамазон ҳайитлари, Меҳргон каби расман қабул қилинган байрамлар мамлакат қонунчилиги доирасида ўтказилади. Давлат ва жамият арбобларининг туғилган кунлари ҳам Тожикистон ҳукумати белгилаган тартибда нишонланади.

Бироқ қонун лойиҳасида суннат тўйига алоқадор маслаҳат оши, миллий кураш, улоқ ҳамда ордбезон маросимлари, шунингдек, тўйга 60 дан ортиқ меҳмон чақириш тақиқланади. Никоҳ тўйидаги фотиҳа, маслаҳат оши, қудаларга сарпо бериш, сеп тўйи, чойгаштак ёки қизлар мажлиси каби маросимлар ҳам қатъиян маън этилади.

Никоҳ тўйлари илгаригидек 4-5 кун эмас, балки бир кун давомида ўтказилиб, тўйга чақирилган меҳмонлар сони 200 киши билан чекланади. Тўй харажатларини икки томон баравар кўтаради ва тўй кортежи тўртта автомобилдан ошмаслиги зарур. Бундан ташқари, бешик тўйи, чиллагурезон, соч тўйлари кўпи билан 15 киши иштирокида ўтказилади.

Тожикистон президенти таклиф этган янги қонун лойиҳаси тожик жамиятида турлича баҳоланмоқда.

Анорхол исмли аёл ўзбек ва тожикнинг тўйини 200 киши иштирокида ўтказишни тасаввурига сиғдира олмаслигини таъкидлайди. Унинг фикрича, бу қонун аҳолини ижтимоий ҳимояламайди, балки қариндош-уруғ ўртасида жудолик уруғини сочади, холос. Қолаверса, айрим қадимий маросимлар, жумладан, чойгаштак ёки қизлар мажлиси тақиқланаётгани таассуфлидир.

Қонун лойиҳасида майит чиққан куни жонлиқ сўйиб ош бериш, етти, йигирма, олти ойлик, душанбалик, пайшанбалик каби маросимларга ҳам тақиқ қўйилган. Гўрков ва майитни ювган кишига маълум миқдорда пул тўланади, холос.

Мамлакат мулозимларининг кўпчилиги салла ўрнига калла олиб келаётганидан норозилик билдирар экан, ўз исмини айтишни истамаган бир суҳбатдош: “Ҳали қонун кучга кирмай, марҳум учун йиғи-сиғи маън этилмоқда. қонун кучга киргандан сўнг нима бўлади, билмадим”, - дейди.

Қонун лойиҳасида белгиланишича, марҳумнинг қирқига юздан ортиқ одам айтилмаслиги лозим. 40 кунлик маросимда фақат бир хил таом тортилади.

Ушбу қонун лойиҳасида Маъмурий кодекснинг тегишли бандларига ҳам қўшимча киритиш кўзда тутилган. Яъни янги қонунни бузган оддий фуқаролардан 2000 сомоний ёки 580 долларгача, амалдорлардан 5000 сомоний ёки 1450 долларгача ва юридик шахслардан эса 10 минг сомоний ёки 2900 долларгача маъмурий жарима ундирилиши белгиланган.
XS
SM
MD
LG