Линклар

logo-print

Суд амалдорни жаримага тортди, лекин Р.Мўминов ҳамон қамоқда

  • Ҳасанжон

Москва шаҳридаги Бутирск тумани суди 2006 йил 24 октябрда ўзбекистонлик Рустам Мўминовни қонунга зид равишда юртига депортация қилган Россия Ички ишлар вазирлиги собиқ амалдори Сергей Герасимовни 35 минг рубль жаримага тортди.

Суд хорижликларни вақтинчалик ҳибсда сақлаш маркази собиқ раҳбари С.Герасимовни хизмат вазифасини суиистеъмол қилганликда айбдор топди. Судланувчи ҳам ўз айбига иқрор бўлди.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроевнинг “Озодлик”ка айтишича, суд ҳукми жуда юмшоқдир. Чунки С.Герасимов нафақат Р.Мўминовни ноқонуний депортация қилган, балки унинг шахсий ҳуқуқларини ҳам поймол этган ва Европа инсон ҳуқуқлари судининг уни юртига жўнатиб юбормаслик тўғрисидаги қарорини ҳам бузган.

Прокурор суд қарорининг юмшоқ бўлганини Р.Мўминовнинг Ўзбекистон ҳукумати ихтиёрига топширилиши Россия Федерацияси хавфсизлигига зарар етказмагани билан изоҳлади. Судда С.Герасимовнинг манфаатини ҳимоя қилганлар у жиноят содир этганига қарамай, “юқорининг кўрсатмаси асосида ҳаракат қилгани”ни айтган.

Судда Р.Мўминовнинг манфаатини “Фуқаровий кўмак” қўмитаси ёллаган адвокат Ирина Бирюкова ҳимоя қилди.

И.Бирюкова С.Герасимовнинг жинояти ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ бўлгани сабабли суддан уни беш йилгача масъул лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этишни сўради. Бироқ суд адвокат талабини инобатга олмади.

“Фуқаровий кўмак” қўмитаси вакиласи Елена Рябинина ўз ташкилоти суд қарори юзасидан шикоят аризаси билан юқори идораларга мурожаат қилишини билдирди.

“Биз суд қарори юзасидан шикоят аризаси ёзмоқчимиз. Биз келажакда Герасимовни бундай лавозимни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этишга ҳаракат қиламиз. Ҳозир у хорижликларни вақтинчалик ҳибсда сақлаш маркази бошлиғи эмас. Суд қарори эса унинг исталган пайтда шу каби лавозимни эгаллашига асло халал бермайди. Биз бунга йўл қўйиб бўлмайди, деб ўйлаймиз. У ҳеч ким эмаслигини тушунган ҳолда биз уни озодликдан маҳрум этишни талаб қилмаяпмиз. Бунинг ўрнига биз уни маълум муддат давлат лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилишни муқобил жазо ҳисоблаймиз”, – деди Е.Рябинина.

Страсбургдаги Европа инсон ҳуқуқлари суди Р.Мўминовнинг экстрадициясини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилганига қарамай, Москва шаҳри суди Россиядан бошпана излаётган Р.Мўминовни мамлакат қонунларини бузганликда айбдор топган ва 26 октябрь куни у кутилмаганда Ўзбекистонга депортация қилинган эди. Айни пайтда Р.Мўминов Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтаяпти.

“Ҳьюман райтч уотч” ташкилоти вакиласи Рэйчел Денбернинг айтишича, айни пайтда Россия расмийларининг энг муҳим вазифаси Р.Мўминовни Ўзбекистондан ортга қайтариш бўлиши керак.

“Мўминов Ўзбекистонга депортация қилинмаслиги керак эди. Мўминовни Ўзбекистонга депортация қилган Россия Ички ишлар вазирлиги собиқ амалдорига қандай жазо белгиланишидан қатъий назар ҳозир энг муҳим масала қамоқда Мўминовга қандай муносабатда бўлинаётганидир. Бу Россия Ички ишлар вазирлиги расмийлари зиммасига ўзбекистонлик ҳамкасблари билан Мўминов масаласини қайта кўтариб, уни Россияга қайтариш мажбуриятини юклайди”, - деди Рэйчел Денбер.
XS
SM
MD
LG