Линклар

logo-print

Қозоғистон: Бойвачча куёв президент қайнотага қарши


Ўзи бош акциядори бўлган “Нурбанк”нинг собиқ раҳбарлари ўғирланишида асосий гумонланувчи бўлиб турган Роҳат Алиев уни бу жиноятга шерик қилишдан сиёсий мақсадлар кўзланаётганини маълум қилди.

Қозоғистон президентининг тўнғич куёви, мамлакатнинг Австриядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Роҳат Алиевнинг худди шундай фикрларини ўз ичига олган баёноти бир қанча ахборот воситаларида эълон қилинди.

“Мени одам ўғирлаш каби жиноят ишида айблашдан мақсад сиёсатдан четлатишдир, - дейилади баёнотда. - Президент билан ўртамиздаги келишмовчилик анча вақтдан буён пишиб келаётганди. Менимча, бир киши давлат раҳбари лавозимини амалда бутунлай ўзиники қилиб олиши, сайлов жараёнини халқаро кузатувчилар учун спектаклга айлантириши, демократик ютуқлардан босқичма-босқич чекиниши мамлакатимиз фойдасига бўлмайди”.

Куни-кеча Олмаота шаҳри прокуратураси Р.Алиевга қарашли КТК телеканали ва “Караван” газетаси фаолиятини ҳам вақтинча тўхтатиб қўйганди.

“Менга тегишли бўлган ОАВ фаолияти тўхтатилишини мамлакат танлаган демократик тамойилларга зид ҳаракат ҳамда сўз ва матбуот эркинлигига тўсиқ сифатида баҳолаш мумкин”, - дейилади Р.Алиевнинг баёнотида.

Шунингдек, Р.Алиев сиёсатни тарк этмаслигини, Қозоғистонда тарафдорлари етарли эканини таъкидлар экан, қайнотаси Нурсултон Назарбоевга қарата: “Келажак сизнинг эмас, балки бизнинг қўлимизда, жаноб умрбоқий президент”, - дейди.

Айни пайтда Р.Алиевнинг баёноти билан танишган Қозоғистон жамоатчилиги унга турлича муносабат билдирмоқда.

“Ҳақиқий оқ йўл” партияси вакили Ўроз Жандосов бу баёнот “Нурбанк” иши юзасидан можароларга аралашган Р.Алиев айни пайтда қийин аҳволда қолганидан дарак беришини таъкидлади.

“У қийин аҳволда ва шу сабабли бу ишдан эътиборни чалғитишга уринмоқда. Ўтган вақт ичида Алиев сўз эркинлиги, сайловларнинг холисона ўтказилиши, президент ваколатининг чекланиши каби масалалар бўйича лом-мим демаган. Алиевнинг мамлакатда демократик жараёнлар тўлақонли амалга оширилишида ҳеч қандай роли бўлмаган. Унга тегишли телеканалларда мухолифатга қарата кўп бор тош отилган. Нега энди бугун у демократия тарафдори экани ҳақида жар солмоқда? Бунга жавоб топиш қийин эмас. Алиев одам ўғирланишига дахлдор. Шу сабабли у ўз айбини яшириш учун қўлдан келганича ҳаракат қилмоқда. Унинг Қозоғистонга қайтиб келиши эса гумондир. Шунинг учун Алиев Европадан туриб ўзини оқлашга уриняпти”, - деди Ў.Жандосов.

Аммо “Олға” партияси раиси Асилбек Хўжахметов Роҳат Алиевнинг баёнотини унинг демократ бўлишга интилиши сифатида баҳолади.

“Р.Алиевнинг баёнотидан унинг сиёсий чўққига эришиш ниятини пайқаш қийин эмас. Аммо у бу мақсадига фақатгина демократия йўли билан эришиш мумкинлигини англаб етди. Алиев ўзи, бизнеси ва яқинларини ҳимоя қилиш учун демократия йўлини танлади. Аммо буни у қуруқ сўзлар билан эмас, балки амалда исботлаши олиши керак”, - дейди А.Хўжахметов.

Қайнотасига қарши чиққан Р.Алиевнинг баёнотига муносабат билдирган сиёсатчиларнинг баъзилари у яқин келажакда мухолифат сафига ўтиши эҳтимолдан холи эмаслигини айтмоқда.

Қозоғистон социал-демократлар партияси раиси ўринбосари Амиржон Косанов фикрича, бу ҳақда гапирганда масаланинг икки томонига эътибор қаратиш керак.

“Аввало, Алиев мухолифатга қўшилиши ҳақида баёнот бергани йўқ. Иккинчидан, жаноб Алиев молия полицияси, Қозоғистон махсус хизмати ва шу каби органлар, жумладан, “Нурбанк” билан боғлиқ жиноят иши юзасидан келиб чиққан кўплаб саволларга очиқ жавоб бериши керак. Мухолифат хоҳлаган киши кириб чиқиб кетиши мумкин бўлган бедарвоза ҳовли эмас. Мухолифат унинг номзодини кўриб чиқиб, маъқуллагандагина Алиевни ўз қаторига қўшиши мумкин”, - деди А.Косанов.
XS
SM
MD
LG