Линклар

Украинада сиёсий вазият кескинлашмоқда

  • Ҳасанжон

26 май куни Украина Ички ишлар вазирлиги ички қўшинларининг 2 мингдан ортиқ ҳарбийси мамлакатнинг турли вилоятларидан пойтахт Киев томон ҳаракат қила бошлади.

Маълум бўлишича, президент тарафдори бўлган кучларни Киевга жўнатиш ҳақида ички қўшинлар қўмондони генерал-лейтенант Александр Кихтенко буйруқ берган. Бу ишни у президент Виктор Юшченко талаби асосида амалга оширган.

Куни-кеча ички ишлар вазири Василий Цушко президент томонидан ишдан бўшатилган бош прокурор Святослав Пискун ҳимоясига Бош прокуратурага милиция махсус кучларини жўнатгандан кейин В.Юшченко ички қўшинлар бошқарувини ўзига олишини маълум қилган эди.

Киевда матбуот анжумани ўтказган В.Цушко ички қўшинларнинг пойтахт томон юриши унинг буйруғисиз амалга оширилганини билдирди.

“Ҳозирга қадар мен ҳатто битта аскарни жўнатиш ҳақидаги бирорта ҳужжатга имзо чекканим йўқ. Мен ўзим учун жавоб бераман. Қўшинларни олиб кирганлар эса ўз хатти-ҳаракати учун ўзи жавоб беради”, - деди Украина ички ишлар вазири.

Шунингдек, у қўшинларни пойтахтга жойлаштириш учун қонуний асос йўқлигини таъкидлади.

В.Юшченко тарафдори бўлган Украина Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Иван Плюш президент ички қўшинларни Бош прокуратура ва Конституциявий суд биноларини қўриқлаш учун пойтахтга чақирганини маълум қилди. Бу икки идора президент ва бош вазир Виктор Янукович ўртасидаги келишмовчилик чуқурлашишида асос омил бўлиб келяпти.

Сўнгги хабарларга кўра, ички қўшинлар Киев томон юришини тўхтатган.

25 май куни Виктор Юшченко ва бош вазир Виктор Янукович юзага келган мавжуд кескинликни бартараф этиш масаласида ўз тарафдорлари иштирокида учрашув ўтказган эди. 26 май куни ҳам улар яна музокаралар столига ўтирди. Бироқ бу музокараларда қандай тўхтамга келингани ҳақида ҳали бирор хабар тарқатилгани йўқ.

Европа Иттифоқи, Россия ва АҚШ Украинада юзага келган сиёсий бўҳронда куч ишлатилиши мумкинлиги борасида жиддий ташвиш билдирди.
XS
SM
MD
LG