Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:50

Роҳат Алиев устидаги қора булутлар қуюқлашмоқда


26 май куни Олмаота шаҳри ички ишлар департаментининг тезкор тергов гуруҳи мамлакат парламенти депутати Дариға Назарбоева ва унинг турмуш ўртоғи, Қозоғистоннинг Австриядаги собиқ элчиси Роҳат Алиевга тегишли уйга бостириб кирди.

“Бу ҳаракат Дариға Назарбоеванинг депутатлик дахлсизлиги мақоми бузилишига олиб келди”, - деб хабар тақатгандан сўнг Қозоғистонда “Газета.кз” ахборот агентлиги сайтига тўсиқ қўйилди ва унга кириш имконияти чекланди.

“Озодлик” мухбири Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига боғланиб, бўлиб ўтган воқеага ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

“Агентликлар хабар қилаётганидек, биз ҳеч қаерга бостириб кириб, ҳеч кимни қўлга олганимиз йўқ. Фурсати келганда бу ҳақдаги барча тафсилотлар ошкор этилади. Мен бошқа маълумот бера олмайман”, - деган жавоб олинди ИИВ ахборот маркази раҳбари Боғдат Хўжахметовдан.

Олмаота инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари Евгений Жовтис бу воқеага муносабат билдирар экан, ички ишлар ходимлари қонун доирасидан чиққанига шубҳа қилишини айтди.

“Тўғри, Дариға Назарбоева парламент депутати. Унинг дахлсизлик мақоми бор. Аммо бошқа томондан қараганда, унинг турмуш ўртоғи Роҳат Алиев устидан жиноят иши қўзғатилган. Шу сабабли ҳуқуқ-тартибот ходимлари Назарбоеванинг уйига бостириб кириши мумкиндир”, - деди Е.Жовтис.

Дариға Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоеванинг қизи бўлиб, Роҳат Алиев давлат раҳбарининг тўнғич куёвидир. Яқинда Р.Алиев устидан у бош акциядори бўлган “Нурбанк”нинг икки собиқ раҳбари ўғирлаб кетилишига алоқадорлик айби билан жиноят иши очилган. Куни-кеча Н.Назарбоев куёвини Австриядаги элчи вазифасидан ҳам бўшатган эди.
XS
SM
MD
LG