Линклар

logo-print

Таиландга кетаётган ўзбекистонлик фуқароларнинг аксарияти аёллардир

  • Озодлик

Сўнгги икки ҳафта ичида Таиланд ва Ҳиндистонда ўзбекистонлик бир неча фоҳиша қўлга олинди. Кузатувчилар бу ҳали хамир учидан патир экани, хорижда ўзбекистонлик юзлаб аёл фоҳишалик билан шуғулланаётганини айтмоқда.

Таиланд полицияси Паттайяда фоҳишалик билан шуғулланаётган ўзбекистонлик тўрт фуқарони 22 май куи ҳибсга олган эди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган “Pattaya Daily News” газетаси ходимларидан бирининг айтишича, ҳали Паттайяда ўзбекистонлик қўлга олинмаган юзлаб фоҳиша бор.

“Полиция маълумотига кўра, бу курорт шаҳарда ўзбекистонлик юзлаб қиз фоҳишалик билан шуғулланади. Масалан, шу ҳафтанинг ўзида биз Ўзбекистондан сайëҳ сифатида келиб, аслида фоҳишалик билан шуғулланган аëлларнинг иккинчи партияси қўлга олингани ҳақида хабар бердик. Улар тунда Паттайя жанубидаги кўнгилочар жойларига бориб, мижоз қидиради. Уларни маҳаллий одамлар эмас, хорижликлар қизиқтиради. Ўлжа нишонга олингач, улар меҳмонхонага йўл олади”, - дейди газета ходими.

“Pattaya Daily News”нинг ёзишича, фуқаролик кийимида бўлган бир неча полициячи чет эллик фоҳишалар билан мижоз сифатида савдолашган. Уларнинг таклифига учган аёлларнинг тўрттаси Ўзбекистон фуқароси бўлиб чиққан. Аёллар ўз хизмати учун ҳар бирига 2000 батдан (1 доллар 36 батга тенг) ҳақ сўраган. “Мижозлар” аёлларга аввал 8000 бат тўлаган, кейин эса ҳибсга олган.

Газетада қўлга олинганлар Дилбар Ҳамроева (23 ёшда), Умида Қувондиқова (29 ёшда), Гулхон Қурбонбоева (23 ёшда) ва Лола Эргашева (31 ёшда) экани ёзилган. Сўроқ пайтида уларнинг тўртови ҳам Паттайяга сайёҳ сифатида мунтазам равишда келишини тан олган. Улар тунлари Паттайя жанубидаги Walking Street кўчасидаги кўнгилочар жойларга бориб, ўша ерда чет эллик эркакларга 2000-2500 бат эвазига шаҳвоний хизматлар кўрсатиш таклифи билан мурожаат қилган. Қизлар бу иш билан анчадан буён шуғулланиб келган.

Ўзбекистондаги сайëҳлик фирмалари ходимларидан бири “Озодлик” билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам Таиландга, асосан, аëллар кетаëтганини тасдиқлади.

Тошкентдаги сайëҳлик фирмаларидан бирининг Хислат исмли ходими эса ўзбекистонлик аёлларнинг фоҳишалик билан шуғулланиши бошқа мамлакатларда ҳам кузатилишини айтди.

“Одатда хориждан келиб, ўзбекистонлик қизларни олиб чиқиб кетишяпти. Ундай қизларнинг ўзида шунақа ният бор. Балиқ сувда из қолдирмайди, деган нақл бор. Бу нақл фоҳишалик билан шуғулланадиган қизлар ҳақида. Қўлга олинаëтганларнинг барчаси фоҳишалардир. Бундай гуруҳларнинг визаси билан шуғулланадиган одамлар бўлиши тайин”, - дейди Хислат.

27 май куни Ҳиндистон полицияси ҳам фоҳишалик билан шуғулланган ўзбекистонлик бир аëлни қўлга олди. Исми ошкор этилмаëтган аëл 22 май куни Ҳиндистон ҳудудига кирган ва Деҳлидаги меҳмонхоналардан бирида мижозларга хизмат кўрсатаëтган пайтда полиция томонидан ушланган.

Ўзбекистон Республикаси Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бошқармаси вакили чет элда фоҳишалик билан шуғулланиб, депортация қилинган ўзбекистонлик фуқароларни жиноий жавобгарликка тортиш учун норматив ҳужжатлар йўқлигини билдирди.

“Чет элда фоҳишалик билан шуғуллангани учун жавобгарлик йўқ бизда. Эндигина бу ҳақда ҳужжат тайёрланяпти. Ҳозир эса депортация қилинганлар билан фақат профилактика ишлари ўтказилади”, - деди бошқарма вакили.

Кузатувчилар ўзбекистонлик аëлларнинг хорижда фоҳишалик билан шуғулланиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини мамлакатдаги иқтисодий аҳволнинг оғирлиги билан боғламоқда.
XS
SM
MD
LG