Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:13

Дунё журналистлари Москвада йиғилди


Москвада Журналистлар халқаро федерациясининг 26-йиллик умумжаҳон конгресси иш бошлади. 1 июнга қадар давом этадиган анжуманда юздан ортиқ давлатдан мингга яқин журналист, сиёсатчи ва жамоатчилик вакиллари қатнашмоқда.

Юздан ортиқ давлатдан 500 мингга яқин журналистни ўзида бирлаштирган бу ташкилотнинг ҳар уч йилда бир ўтказадиган анжумани дунё бўйлаб оммавий ахборот воситалари ва журналистлар аҳволидан сўзлайдиган жуда муҳим сиёсий тадбир ҳисобланади.

Журналистлар халқаро анжуманига мезбонлик қилаётган Россия журналистлар уюшмаси раиси Вселовод Богданов бу йилги конгресс кун тартибига қўйилган асосий масалаларни санаб ўтди.

“Конгрессда бир неча йўналиш бўйича гап боради. Бу, албатта, журналист учун етарли иш шароитини яратиш, журналистнинг ижтимоий ҳимояси, журналистнинг ҳаётини ҳимоя қилиш масалалари. Аммо асосий, эҳтимол энг муҳим масала - бугунги журналистикага ишончни қайта тиклаш учун биз журналистлар нима қилишимиз керак, деган савол теграсида бўлади”, - деди Вселовод Богданов.

Журналистлар умумжаҳон конгресси кун тартибидаги яна бир муҳим масала жазосизлик, яъни журналистлар ўлдирилаётган давлатларда ҳукуматларнинг вазиятни четлаб ўтишга, сувдан қуруқ чиқишга уриниши ва яна ҳам кўпроқ учрайдиган ҳол - ҳукуматларнинг журналистлар ўлимига жавобгарларни топишни пайсалга солишига барҳам бериш йўлларини топишдир.

Анжуман ўтаётган Россия эса журналистлар буюртма қотиллик билан ўлдирилаётган ва бу бўйича қўзғатилган жиноят ишлари деярли ниҳоясиз қолаётган давлатлардан бири cаналади. Журналистлар халқаро федерацияси аъзолари Россияда ўлдирилган, аммо қўзғатилган жиноят ишлари ҳануз охирига етказилмаётган 5 журналист - Валерий Иванов, Алексей Сидоров, Эдуард Маркевич, Дмитрий Холодов ва Владимир Кирсанов ўлими бўйича махсус комиссия тузишга ва текширув бошлашга қарор қилди. Комиссия таркиби россиялик журналист ва хорижий экспертлардан иборат бўлади.

Журналистлар халқаро федерацияси бош котиби Эйдан Вайт бундай комиссия тузилиши сабабини изоҳлар экан: “Россияда журналистларнинг буюртма қотиллар томонидан ўлдирилиши ортиб бораётганини кўрсатувчи далиллар бор. Бу каби жиноятларни тергов қилиш ва жавобгарларни жазога тортиш учун мамлакат ҳукумати жиддий ҳаракат қилмаяпти”, - деди.

Мазкур анжуман арафасида журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ва дунё давлатларида матбуот эркинлигини кузатиб борувчи уч халқаро ташкилот — Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, “Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти ҳамда Халқаро матбуот институти 2007 йилда ўлдирилган журналистлар рўйхатини эълон қилди.

Хусусан, бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эълон қилган ҳисобот натижаларига кўра, журналистлар энг кўп ўлдирилаётган давлат ҳануз Ироқ бўлиб қолмоқда. 2007 йилнинг дастлабки беш ойида Ироқда 11 та журналист ўлдирилган ва улар орасида “Озод Европа/Озодлик” радиосининг Ироқ хизмати мухбири Ҳамаил Ҳалаф ҳам бор.

“Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти ҳисоботида ҳам журналистлар энг кўп қурбон бўлаётган ҳудуд уруш бораётган Ироқ экани эътироф этилган ва бу ташкилот ҳисоб-китобига кўра, 2007 йилнинг биринчи ярмида бу ерда 22 журналист қурбон бўлган. Журналистлар ўлдирилган мамлакатлар сафида 4 журналист ўлдирилган Сомали, 2 журналист ўлган Мексика, 1 нафардан журналист ўлдирилган Афғонистон ва Туркия ҳам бор. Туркияда шу йил 19 январда арман журналисти Ҳрант Динкнинг отиб кетилиши катта норозиликларга сабаб бўлган ва сиёсий қотиллик, деб баҳоланган эди.

2000 йилдан бери Россияда ўндан ортиқ журналист ўлдирилган ва аксар ҳолларда бундай қотилликни содир этган ёки уни буюртма қилганларнинг кимлиги ҳануз номаълум қолмоқда. Хусусан, 2006 йил октябрда Москвада журналист Анна Политковскаянинг отиб кетилиши катта шов-шувларга сабаб бўлган ва айрим халқаро ташкилотлар бу жиноятни мамлакат президенти Владимир Путин иродаси билан боғлаган эди.

Россиядаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов президент Путин бошчилигидаги Россия ҳукуматининг журналистларга нисбатан қаттиқ босими кузатилишини таъкидлар экан, айнан шу ҳол журналистлар ўлимига оид жиноятлар очилмай қолаётганига бош сабаб эканини таъкидлади.

“Умуман олганда, журналистларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлган жиноят ишларининг бирортаси очилган эмас ва терговнинг охирига етмаслиги ёки умуман бўлмаслиги бу жиноятларнинг ҳукумат амалдорлари билан боғлиқлигидан далолат беради. Айнан улар бу жиноятлар очилмаслиги учун бор имкониятини ишга солади”, - дейди Олег Панфилов.

Экстремал журналистика маркази 2000 йилдан буён касбий фаолияти учун ўлдирилган ва бундай хулосага асос етарли бўлган 8 журналист номини келтиради. О.Панфилов касбий фаолияти учун ўлдирилгани тахмин қилинган яна бир неча журналист борлиги, аммо бундай хулоса қилиш учун далилий ҳужжатлар етарли эмаслигини билдирди.

“Афсуски, ўтган йил декабрь ойида ўлдирилган Анна Политковская ўлими бўйича тергов жараёнидан ҳам ҳануз бирор маълумот йўқ. У ишлаган “Новая газета” таҳририяти эса терговга масъуллигини рўкач қилиб, саволларимизга жавоб бермай келмоқда. Менимча, бу жиноят ҳам касбий фаолият билан боғлиқ бўлган бошқа қатор жиноятлар каби очилмай қолади”, - деди Олег Панфилов.
XS
SM
MD
LG