Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:12

Рус тақирбошининг даҳшатли иқрори


Бир арманини ўлдирганлик айби билан ҳибсда сақланаётган рус тақирбоши тергов давомида бундан олдин ҳам миллий нафрат асосида 37 кишини ўлдирганини фахр билан тан олди.

Православ иконалар чизишга ихтисослашган билим юртининг 18 ёшли талабаси Артур Ринонинг бу иқрори терговчиларни ҳам даҳшатга солди.

“Время новостей” газетасига бу ҳақда мақола ëзган журналист Алексей Ивлевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, бу гаплар ўспирин боланинг қуруқ мақтаниши эмас.

“Бу шунчаки гап эмас. Бу боланинг иқрорига бошқа далиллар ҳам бор. Масалан, ташқи видокузатув камерасида сақланган тасвирда бу мўмингина бола қандай қилиб одам ўлдираётгани муҳрланган. Албатта, биз бу бола 37 мардикорни ўлдирганини лоф сифатида қабул қилишимиз мумкин, аммо уни сўроқ қилаëтган терговчилар бу иқрорни тасдиқловчи далил-исботларни тобора кўпроқ топмоқда”, - деди А.Ивлев.

Артур Рино ишини ўрганган А.Ивлев Москва шаҳри прокуратураси вакилларидан воқеа борасида етарлича маълумотлар олди.

“Рино 17 апрель куни ўз ҳамкурси Скачевский билан биргаликда Карен Абрамян исмли арман тадбиркорини ўлдириб, трамвайда жуфтакни ростлади. Гувоҳлар дарҳол милицияга хабар қилди. Охир-оқибат Рино ва унинг шериги қўлга олинди. Уларнинг қотиллиги акс этган видеокадрлар намойишидан сўнг Рино айбни бўйнига олди ва бундан бир кун олдин тожикистонлик мардикор Хайрулла Содиқовни ҳам ўлдирганини фахр билан бир қаҳрамонлик ўлароқ гапириб берди”, - дейди А.Ивлев.

Рус журналисти Россия жамиятида рус бўлмаган кишиларни ўлдириш қаҳрамонлик каби баҳоланаëтганидан таассуф қилади.

“Буни мода деб айтиб бўлмайди, аслида кўриниши славянларникидан фарқ қиладиганларни ўлдиришга мойиллик тўлқини пайдо бўлди. Аҳоли келгиндиларга барча муаммолар сабаби сифатида қарамоқда”, - дейди А.Ивлев.

Рус журналистининг бу фикрини Москвада мардикорлик қилаëтган Абдуллажон ҳам тасдиқлайди ва тақирбошлар Москва милицияси ҳомийлигида ўзини бемалол ҳис қилаётганини билдирди.

Ҳозир Москвада истиқомат қилаётган ўзбек режиссёри Али Ҳамроев Иккинчи жаҳон уруши пайтида ўзбек халқи эвакуация қилинган руслар билан уй-жойини баҳам кўрганини унутган авлод пайдо бўлганидан ташвишда.

“Москвада кетаëтсам, икки милиционер битта ўзбекни судраяпти. Ўзбек худонинг зорини қиляпти. Машинани шартта тўхтатиб, нима гаплигини сўрасам, милиционер ўзбекнинг қайди муддати тугаганини айтди. Мен милиционерга қараб: “Бобонг урушга кетганида онанг Тошкентда жон сақлаган. Ўзбеклар унга уйидан жой берган, бир бурда нонининг ярмини едирган. Бугун Ўзбекистонда аҳвол ëмон бўлгани учун ўзбек шу ерларда юрибди. Уялмайсанми”, - деб қаттиқ гапирдим. У уялди, шекилли, ўзбек мардикорини қўйиб юборди”, - дейди Али Ҳамроев.

Айни пайтда москвалик терговчилар Артур Рино 37 муҳожирни қай тарзда ўлдирганини ўрганмоқда.

“Ринонинг қотил ëки қотил эмаслиги ҳақида суд ҳукм беради, - дейди журналист А.Ивлев. - Аммо бир нарса аниқ. Терговчилар қўлидаги видеотасмада Артур Рино арман тадбиркори танасига пичоқ санчгани муҳрланган”.

Рус миллатчилари 17 апрель куни ўлдирган арман тадбиркори танасида пичоқ санчилишидан қолган қирқта жароҳатни топган бўлса, айни гуруҳ қўлида 16 апрель ҳаётдан кўз юмган тожикистонлик ўзбек йигити танасига пичоқ билан 35 маротаба зарба урилгани аниқланган.
XS
SM
MD
LG