Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:09

Туркманбоши изидан унинг ҳайкаллари ҳам жўнамоқда


Туркманистоннинг ҳозир Лебoб деб юритиладиган Чоржўй шаҳридаги қоракўл терини қайта ишлаш заводи олдида мамлакатнинг марҳум президенти Сапармурод Ниëзовга қўйилган ҳайкал олиб ташланди.

Муҳожиратдаги туркманистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Фарид Тухватулиннинг айтишича, мамлакатнинг бошқа шаҳар ва қишлоқларида ҳам марҳум президентнинг портретлари олиб ташланмоқда.

“Бундай буйруқ Ашхободдаги энг юқори мулозимлардан келаëтгани аниқ. Чунки маҳаллий амалдорлар бундай қадам қўйишга ожиз”, - деди Ф.Тухватулин.

С.Ниëзов ўтган йил 21 декабрда вафот этганидан бери унинг ҳайкали биринчи марта олиб ташланмоқда. Бундан олдин Туркманбоши жорий этган қасамëд маросими қисман бекор қилинганди.

Ф.Тухватуллин мамлакатда Туркманбошининг бир эмас, ўнлаб ҳайкаллари олиб ташланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Бизда фақат битта ҳайкал олиб ташлангани ҳақида аниқ маълумот бор. Менимча, Туркманбошининг ўнлаб ҳайкаллари олиб ташланган бўлса керак. Чунки улар жуда кўп. Керак бўлган жойга ҳам, керак бўлмайдиган ерга ҳам минглаб ҳайкаллар ўрнатилган”, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Туркманбошининг битта бўлса ҳам ҳайкали олиб ташланиши ижобий ҳодисами, деган саволга Туркманистон Марказий банкининг собиқ раиси Худойберди Ўрозов: “Туркманбоши портрети ўрнига Бердимуҳаммедовники қўйиляпти. Бир диктаторнинг ўрнига бошқаси келмоқда. Бундан нима наф бор”, - дея жавоб қайтарди.

Унинг таъкидлашича, Туркманистонда янги президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов шахсига сиғиниш бошланмоқда.

Х.Ўрозов Туркманбошининг Ашхобод марказида ўрнатилган айланиб турадиган ҳайкали учун 20 миллион доллар сарфланганини эслатиб ўтди.

XS
SM
MD
LG