Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:13

Янги лойиҳа қизларга янги умидлар улашади


Тожикистондаги “Болалар уйи” ноҳукумат ташкилоти мамлакатдаги балоғат ёшига етмаган қизларни оғир меҳнатга жалб этишга қарши янги лойиҳани амалга оширишга киришди.

Лойиҳа давомида Душанбе ва Хатлон вилоятининг Қўрғонтепа шаҳрида оғир меҳнат орқасидан кун кечираётган 420 қизга ҳунар ўргатиш ва уларни доимий иш билан таъминлаш режалаштирилган.

“Болалар уйи” ташкилоти вакиласи Ольга Корташованинг айтишича, айни пайтда пойтахт бозорлари ва кўча-куйда оғир меҳнат билан машғул бўлган 2 мингдан ортиқ қиз борлиги аниқланган. Бу қизларнинг аксарияти оиладаги оғир иқтисодий шароит сабабли олтинчи ва еттинчи синфлардан мактабни тарк этиб, бозорларга чиқиб кетган.

“Асосан кам таъминланган оилалар фарзанди бўлган 420 нафар 13 ёшдан 18 ёшгача қизга ҳунар ўргатиш ва уларни доимий иш билан таъминлашни назарда тутганмиз. Шу билан бирга, бу қизларга мактаб дастури асосида билим ҳам берилади”, - деди О.Корташова.

У лойиҳага жалб қилинган 420 қиздан 120 нафари илгари ўта оғир ишлар билан банд бўлгани, улар орасида жинсий эксплуатация қилинганлари ҳам борлигини билдирди.

Жамиятга нафрат ва ўзларига нисбатан ишончсизлик туйғуси билан яшаётган айрим қизлар кўп ҳолларда турли жиноятларга ҳам қўл уради. О.Корташова лойиҳа доирасидаги таълимий семинарлар кўмагида ўсмир қизларнинг нормал ҳаётга ва албатта, мактаб қучоғига қайтишига ишонишини таъкидлади.

“Аммо жуда оз сонли аҳолига ёрдам бера оламиз. Барча ташкилотлар бир бўлиб ишлагандагина бу каби муаммоларни ҳал қилиш мумкин”, - дейди О.Корташова.

Бу каби лойиҳаларда ҳукумат тизимлари билан ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, Корташова хоним расмийлар фақат таълимий семинарларгагина кўмаклашаётганини айтиб, иш жойлари билан таъминлаш борасида ҳунузгача жўяли ёрдам йўқлигини билдирди.

Психолог Наргис Ҳомидова сўзларига кўра, болаларнинг оғир меҳнатга жалб этилиши нафақат уларнинг жисмоний ривожланишига, балки соғлом фикрлашига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

“Бу ўсмирлар ҳаётида аниқ режа йўқ. Улар фақат вақтинчалик рўзғор тебратиш учун ўз ота-онасига кўмаклашиш фикри билан яшайди. Бозор расталари ортида соатлаб тик туриб савдо қилиш, тикув машиналарида кун бўйи ўтириб, чок тикиш ҳам балоғат ёшига етмаганлар учун оғир меҳнат ҳисобланади. Аммо, афсуски, кўпчилик ота-оналар буни тушуниб етмаган ҳолда ўз фарзандларини жуда ёшликдан оғир меҳнатга жалб этади. Бу эса бола мустақил ҳаётга қадам қўйгач, уни бездириб қўяди”, - деди психолог.

14 ёшли Нигора бир ярим йилдан буён Шоҳмансур бозорида гўшт маҳсулотлари сотади.

“Оилада кўпчиликмиз. Отам йўқ. Фақат онам билан мен ишлаб, оиладаги беш болани таъминлаймиз. Ҳам иш, ҳам ўқишни баравар ўзлаштира олмаганим боис, олтинчи синфдан сўнг мактабдан қолиб кетдим. Албатта, ҳунар эгаси бўлишни истайман, аммо начора, оилани боқиш керак”, - дейди Нигора.

Ҳўл мева сотиш билан овора Салимахон эса мактабга қатнаб туришини, ҳатто ёзги имтиҳонларни уч баҳога бўлса-да, топшираётганини айтди. У катта ёшли кишилар бозорда ёшларга ҳар хил иш буюриши, бажармаса калтаклашини ҳам қўшимча қилди.

Бу қизларнинг кўпчилиги бозор ишларидан, умуман рўзғор учун бу тахлит пул топишдан чарчаганларини яширмади. Улар орасида танфурушлик билан шуғулланаётганлари ҳам бор.

“Онам касалманд, отам уйдан чиқиб кетган. Оилани таъминлаш учун бир йилдирки, танфурушлик билан машғулман. Тирикчилик мажбур қилди. Бозорда савдо қилиш ёки бирор идорага ишга кириш имконим йўқ эди. Чунки мени ҳеч қаерга ишга олишмайди”, - дейди ўзини таништиришни истамаган 13 ёшли қизалоқ.

Мустақил кузатувчилар фақат бир-икки ташкилот қисқа муддатли лойиҳалар билан жамиятдаги бу каби йирик муаммоларни ҳал қилиш имконига эга эмаслигини таъкидламоқда.

“Ўсмир ёшидаги қизлар пул топиш мақсадида кўчага чиқиб кетмаслиги учун, аввало, энг замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган марказлар ташкил этиш зарур. Унда қизлар ҳам ҳунар, ҳам компьютер ва ҳам турли тилларни ўрганиши учун кенг имкониятлар берилиши лозим. Битта-иккита лойиҳа билан бу муаммолар ҳал бўлмайди. Қолаверса, кўп ташкилотлар фақат катта маблағларни ўзлаштириш мақсадида лойиҳалар ёзади”, - дейди маҳаллий кузатувчи Сабоҳат Олимова.
XS
SM
MD
LG