Линклар

Роҳат Алиевга қидирув эълон қилинди

  • Озодлик

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич куёви, мамлакатнинг Австриядаги собиқ элчиси Роҳат Алиевга халқаро қидирув эълон қилинди. Венадаги элчихона вакиллари айни пайтда Р.Алиевнинг қаердалиги номаълумлигини айтмоқда.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги эса қозоғистонлик бир гуруҳ терговчилар, жумладан, бош прокурор ўринбосари мазкур иш билан шуғулланиш учун Австрия пойтахти Венага жўнаб кетганини эълон қилди.

44 ёшли Р.Алиев ўзи бош акциядори бўлган “Нурбанк”нинг январь ойининг бошидан буён тақдири номаълум бўлган собиқ раҳбарлари ўғирланишида айбланмоқда. Бир неча кун олдин Н.Назарбоев куёвини мамлакатнинг Австриядаги элчиси лавозимидан бўшатди.

“Kazakhstan Today” агентлиги сайтида куни-кеча эълон қилинган баёнотида Р.Алиев ўзига қўйилаётган айбловлар ортида сиëсий мақсадлар ëтганини иддао қилган эди.

Унинг билдиришича, у Н.Назарбоевнинг чекланмаган муддатга президент лавозимида қолишига имкон берувчи конституциявий ўзгаришларни танқид қилган. Шунингдек, 2012 йилда бўладиган сайловда ўз номзодини президентликка қўйишини маълум қилгани ҳам давлат раҳбари билан ораси бузилишига сабаб бўлган.

Аксарият таҳлилчилар қайнота ва куëв ўртасидаги келишмовчиликларнинг авж олганини шахсий адоватда, деб билади. Кланлар ва таниш-билишлик алоқалари асосий рол ўйнайдиган Қозоғистонда мухолифат Н.Назарбоев ва Р.Алиевни коррупцияда айблаб келади.

Қозоғистондаги Социал демократик партия раиси ўринбосари Амиржон Қусанов Р.Алиев билан боғлиқ вазият МДҲ мамлакатларида юритилаётган сиëсатнинг қандайлигини кўрсатишини айтади.

“Ҳозир биз кўраëтган ҳолат Қозоғистон сиëсий майдонидаги асл вазиятни кўрсатади. Ривожланган мамлакатларда ҳар бир сиëсий қарор парламент, партия, сайловлар ва ноҳукумат ташкилотлар ëрдамида қабул қилинади. Бу ердаги тизим эса оилавий муносабатларга асосланган”, - дейди А.Қусанов.

Р.Алиев яқинда эълон қилган баёнотида ўзининг демократик қарашдаги шахслигини кўрсатишга ҳам ҳаракат қилган.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўст Қўшим Европадаги машҳур сиëсатчилар ва халқаро ташкилотлар аъзолари билан кўп мулоқотда бўлган Р.Алиев ўзининг сиëсий қарашларини ўзгартирганига ишонмайди.

“Алиев демократия, юксак демократик қадриятлар ва тамойиллар ҳақида ëзса, кулгим қистайди. Агар бу одам ҳақиқатан демократия учун курашган бўлганида нега мамлакатнинг ЕХҲТдаги вакили бўлган йилларда миқ этмади?! Мен Венада эркин ва шаффоф сайловларга бағишланган форумда Р.Алиевнинг ўзини қандай тутганини яхши эслай оламан”, - деди Дўст Қўшим.

Ҳозирча сўнгги баëнотида Р.Алиев доимо сиëсатда қолишини ҳамда мамлакатининг тоталитар ўтмишга қайтиши олдини олиш учун бор кучини ишга солишини айтган.
XS
SM
MD
LG