Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:46

Тожикистонда болалар ўлими кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда


Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари мамлакатда сўнгги йилларда бир ёшгача бўлган чақалоқлар ўртасида ўлим камайганини айтаётган бўлса-да, тиббиёт мутахассислари бу маълумотни рад этмоқда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистика бўлими мудири Ибодулло Шералиев ўтган йилнинг дастлабки тўрт ойида бир ёшгача бўлган 863 бола ўлгани қайд этилгани, жорий йилнинг шу даврида эса бу рақам тахминан 850 тани ташкил этганини билдирди.

“Албатта, фарқ жуда катта бўлмаса-да, йил сайин болалар ўлими камаяётгани кузатилмоқда. Жорий йилнинг тўрт ойи мобайнида туғилган ҳар минг чақалоқдан 14 таси оламдан ўтди”, - деди вазирлик масъули.

Бироқ Душанбедаги биринчи туғруқхона ходимлари вазирлик ходими келтирган далилларни рад этди.

Гинеколог врач Дилбар Амирова сўзларига кўра, сўнгги бир неча йил мобайнида мамлакатда болалар ўлими нафақат камайган, балки ортган ҳамдир.

“Илгари вазни бир килогача бўлган чақалоқлар туғилганидан кейин бир ҳафтага қадар рўйхатга олинмас эди. Агар етти кундан кейин бу бола тирик қолса, кейин рўйхатга киритиларди. Бироқ сўнгги икки йил давомида чала туғилган болаларнинг барчаси рўйхатга олинмоқда. Мамлакатимизда тиббиёт юқори даража бўлмагани сабабли 500-700 грамм вазн билан туғилган чақалоқларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмайди ва улар ўлади. Бундан ташқари, жойлардаги аксарият туғруқхоналарда ўлган болалар турли баҳоналар билан рўйхатга олинмайди. Шунинг учун мамлакатимизда болалар ўлими камайгани ҳақидаги статистикага қўшила олмаймиз”, - деди Дилбар Амирова.

Мазкур туғруқхона гинеколог врачи Азиза Пўлатова болалар ўлими сабабларига тўхталиб, бунга кўпроқ иқтисодий муаммолар сабаб бўлаётганини таъкидлади.

“Болалар ўлими олдини олиш учун, энг аввало, оналар саломатлигига ҳамда уларнинг турмуш тарзини яхшилашга катта эътибор қаратилиши зарур. Қишлоқ жойларда кўп ҳомиладор оналар энг оғир ишлар билан банд бўлади. Тўйиб овқатланиш ва етарли дам олиш имконига эга бўлмагани боис, улардан кам вазнли, чала болалар туғилади. Афсуски, бу болаларнинг 89 фоизи вафот этади”, - деди А.Пўлатова.

Унинг сўзларига кўра, халқаро ташкилотлар кам таъминланган оила аёлларига дори-дармондан ёрдам кўрсатмоқда, аммо тиббий саводсизлиги сабабли ёш оналар уларни қай вақтда истеъмол қилишни билмаётир. Бундан ташқари, кўпинча аёллар уй шароитида туғишни лозим кўради ва бу ҳам бола ҳамда оналар ўлимига сабаб бўлмоқда.

1-туғруқхонада навбатдаги фарзандни дунёга келтирган Зебунисо тўнғичини уйда туққанини айтади.

“Қишлоқ ҳамшираси ёрдамида уйда туғдим. Боланинг ҳам, ўзимнинг ҳам саломатлигимда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Бироқ туғруқхона шароити айтарли даражада эмас экан. Масалан, биз чиллалик аёллар кеча чироқсиз ўтирдик. Бунинг устига, сувлари ҳам лойқа экан. Энг муҳими, туғруқхонада туғиш жуда қимматга тушади. Ҳар бир туғилган бола учун тахминан 100 доллар сарфланади. Уй шароитида туғиш арзонга тушиши боис ҳам оналар уйда туғишни афзалроқ билади”, - деди Зебунисо.

Болалар ўлими муаммоларини ўрганадиган халқаро институтнинг тадқиқот натижаларида кўрсатилишича, 2006 йилда Тожикистонда бир ёшгача бўлган ҳар минг боладан 65 нафари вафот этган.
XS
SM
MD
LG