Линклар

logo-print

Қирғизистон Ўзбекистондан ўрнак оляптими?


Қирғизистон парламенти “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ниятида. Жамоатчилик эса бу ўзгартишлар Интернетга чекловлар қўйишга қаратилганидан ташвиш билдиряпти.

Ушбу қонун лойиҳаси Қирғизистон жамоатчилиги томонидан кескин танқид қилинганига қарамай, парламент депутатлари Интернетни назорат қилиш зарурати ҳаётий талаб эканини таъкидламоқда.

“Фарғона.ру” ахборот сайтининг хабар беришича, 28 майдан бошлаб Ўзбекистонда МДҲ мамлакатларининг айрим Интернет ресурсларига тўсиқ қўйилган. Улар орасида “Newsru.com”, “Озодлик” радиоси сайти, “Новости”, “Lenta.ru”, “Gazeta.ru”, “Gzt.ru”, “Независимая газета” сайтлари ҳам бор.

“Фарғона.ру” сайти Ўзбекистон ҳукумати Украинадаги демократик жараёнларни ёритаётган сайтларни қамал қилишга буйруқ берган, деган тахминни олға суради.

“Ўзбекистонда халқ норозиликлари, зиддиятлар ва “рангли инқилоблар” тўғрисидаги ахборотларга норасмий тақиқ қўйилган”, - деб ёзади “Фарғона.ру”.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Эгамназар Шойманов Интернетни назорат қилиш диктатуранинг умрини узайтириш усулларидан бири эканини айтади. Унинг бу фикрига қирғизистонлик ҳамкасблари ҳам қўшилмоқда.

Нодавлат ташкилотлар агар қирғиз парламенти ОАВ тўғрисидаги қонунга ўзгартишларни қабул қилса, Қирғизистон демократик тамойиллардан воз кечаётган давлатлар, жумладан, Ўзбекистон қаторидан жой олиши мумкинлигини билдирмоқда.

“Бу жуда нозик ва муҳим масала. Интернетни назоратга олиш диктатуранинг бошланиши демакдир. Чунки Интернетни Қирғизистон босма ёки телевизион матбуоти билан тенглаштириш мутлақо мумкин эмас. Интернет беадад чегарасиз ҳудуддир”, - деди журналист Жилдиз Муслимова.

Қирғизистондаги “Интернет сиёсати фуқаролик жамғармаси”, “Медиа вакиллик институти”, “Журналистлар жамоат бирлашмаси” каби нодавлат ташкилотлар ҳам парламент депутатларининг Интернетни назоратга олиш ҳаракатларини кескин танқид қилди. Улар фикрича, бу қонун лойиҳаси на техник ва на маънавий нуқтаи назардан ҳеч қандай талабга жавоб бера олмайди.

Қонун лойиҳасини тайёрлаган депутат Алишер Собиров бу фикрларни кескин рад этди.

“Биз миллатлараро, динлараро ва ҳудудлараро зиддиятларни кескинлаштирувчи мақолалар, ахборотлар пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун Интернет назоратга олинишини қўллаб чиқмоқдамиз”, - деди депутат.

Қирғизистондаги энг нуфузли мухолифат газетаси асосчиси, парламент депутати Мелис Эшимканов ҳам ҳамкасбини қўллайди. У ҳам Интернетни назоратга олиш сўз эркинлигига мутлақ зарар келтирмаслигини айтади.

“АКИпресс”, “Белий пароход”, “Компромат” каби сайтларга уятсиз, одоб доирасига сиғмайдиган фикрларни беришни бас қилиши кераклигини айтавериб чарчадик. Интернетдаги одобсизлик, маданиятсизлик даражаси бўйича Қирғизистон дунёдаги биринчи ўринга чиқиб қолди. Парламент ташаббуси билан ишлаб чиқилган янги таклифлар ана шундай ҳолатга барҳам бериш мақсадини кўзлаган”, - деди депутат Мелис Эшимканов.

Қирғизистон жамоатчилиги Интернетни назорат қилиш ҳақидаги қонун қабул қилиниши билан расмий Бишкек ҳам Ўзбекистон ҳукумати каби чекловларни амалга ошириш имкониятига эга бўлишидан ташвишланмоқда. Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Эгамназар Шойманов қирғизистонлик ҳамкасбларининг бундай ташвишларини асосли ҳисоблайди. У Ўзбекистон аллақачон Интернет душмани бўлган давлатлар рўйхатига киритилганини эслатди ва минтақада нисбатан демократик давлат ҳисобланган Қирғизистонда жамоатчилик Интернетга тўсиқ қўйилишига йўл бермаслигига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG