Линклар

Шибирғонда Дўстум тарафдорлари ўққа тутилди

  • Ҳасанжон

Афғонистон шимолидаги Шибирғон шаҳрида Жузжон вилояти ҳокими Жума Хон Ҳамдарднинг истеъфоси талаби билан чиққан намойишчиларнинг полиция томонидан ўққа тутилиши натижасида 9 киши ҳалок бўлди, камида 40 одам жароҳатланди.

Маълумотларга кўра, намойишчилар бир неча маъмурий бинога тош отганидан сўнг полиция уларга қарата ўт очган. Намойишчилар ўзбек генерали Абдурашид Дўстумнинг тарафдорлари бўлган.

Афғонистоннинг бошқа минтақаларга нисбатан анча тинч бўлган қисмидаги бу воқеа таҳлилчилар томонидан турлича баҳоланмоқда.

Афғонистонлик сиёсий таҳлилчи, профессор Фазл Аҳмад Бургит фикрича, Шибирғондаги воқеа Афғонистон ҳукумати йўл қўйган хатоликлар натижасидир.

“Бир йил олдин Жума Хон Ҳамдард Бағлон ҳокими эди. Бағлонда ҳам у турли муаммоларга дуч келган. Жума Хон аҳоли томонидан Бағлондан қувилган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда бағлонликлар ким тарафдори эди, деган савол туғилади. Шибирғондаги норозилар орасида генерал Дўстум тарафдорлари ҳам бўлса, уларнинг ҳаммаси Дўстум тарафдорлари дейиш, менимча, нотўғри бўлади”, - дейди сиёсий таҳлилчи.

Буюк Британиядаги Жейнс тадқиқот марказининг Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси Мэтю Клеменс сўзларига кўра, Афғонистон шимолида катта мавқега эга бўлган ўзбек генерали Абдурашид Дўстум Жузжон вилоятининг ҳокими Жума Хон Ҳамдард билан яқин вақтгача иттифоқчи бўлган. Аммо унинг сиёсий қараши ўзгаргани боис, Абдурашид Дўстум ўз мавқеани мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.

Баъзи кузатувчилар айрим масалаларда Ғарб билан келиша олмаётган Россия Афғонистонда ўз таъсирини кучайтиришга уринмоқда, деган фикрда. Мэтю Клеменс бу фикрга муносабат билдирар экан: “Воқеага Россия разведка хизматининг алоқадорлиги борасида ҳеч нарса дея олмайман. Аммо АҚШдан ракета ҳужумидан мудофаа тизими ва бошқа масалаларда норози бўлган Россиянинг Афғонистонда ўз таъсирини кучайтиришга уринаётганини инкор қилиш мантиқсизлик бўлади. Шибирғон воқеаси эса, менимча, ташқи давлатлар таъсиридан кўра кўпроқ маҳаллий қўмондонлар ўртасидаги ҳокимият учун бораётган кураш билан боғлиқ”, - деди.

Фазл Аҳмад Бургит ҳам британиялик мутахассис фикрига қўшилади. Россиянинг Афғонистонда муайян таъсири борлигини эътироф этган Фазл Аҳмад Бургит Шибирғондаги воқеага Россиянинг алоқаси йўқлиги, балки бу ички муаммо ҳисобланишини айтди.

“Америка ҳарбийларининг Афғонистон ҳудудида жойлашиши Россия манфаатларига хизмат қилмайди, албатта. Буни Россия беш-олти йилдан бери гапириб келяпти. Россия Афғонистонда муайян таъсирга эга. Сўнгги воқеаларга Россиянинг алоқаси бор, деб ўйлаш нотўғри. Бу Афғонистоннинг ички муаммоси. Шибирғон воқеасига ташқи давлатларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб ўйлайман”, - деди Фазл Аҳмад Бургит.
XS
SM
MD
LG