Линклар

logo-print

Россия журналистлар учун энг хавфли давлатлардан бирига айланди

  • Озодлик

Россияда матбуот бўғилаётгани ҳақида хавотирлар кучаяётган бир пайтда шу ҳафтада Журналистлар халқаро федерацияси Москвада ўзининг 26-умумжаҳон конгрессини ўтказмоқда.

Мазкур анжуман арафасида уюштирилган йиғилиш қатнашчилари Россияда журналистлар ўлдирилиши давом этаётганига қарши глобал миқёсда ўтказилаётган кампания масаласини муҳокама қилди. Айрим нотиқлар йиғилишда ҳукумат расмийлари қатнашмагани сабабли бу борадаги мубоҳасалар натижа бермайди, деган фикр билдирди.

Россия парламентидаги мустақил депутат Владимир Рижков россиялик журналистлар дуч келаётган қийинчиликлар ҳақида гапириб: “Бизнинг журналистлар ҳимояланмаган. Бу эса журналист Россияда жуда хавфли касб бўлиб қолаётганини, жамиятимизда кўплаб муаммолар борлигини англатади. Ҳозир жамиятда коррупция чуқур илдиз отгани, мамлакатда жуда кўп жиноятлар содир этилаётгани тасдиқловчи ғиж-ғиж фактлар борки, бу ҳақда ёзган журналистлар ҳар доим катта таҳлика остида бўлади”, - деди.

Қайта-қайта таклиф этилганига қарамай, Россия ҳукумати вакиллари ва президент Владимир Путин Журналистлар халқаро федерациясининг уч йилда бир марта бўладиган навбатдаги қурултойида иштирок этмади.

“Бугун сўзга чиққан нотиқлар томонидан “қоралаш”, “муҳокама қилиш”, “ҳукуматга қандайдир билдиришлар йўллаш” каби сўзлар тилга олинди. Биз конгресс дастуридан ташқари одамларнинг ўлими масаласини муҳокама қиляпмиз. ... Айтилаётган гапларни эшитиши керак бўлган Россия ҳукумати вакиллари бу ерда йўқ. Ёки бу чиқишлар Россия телевидениеси орқали кўрсатилади, деб ўйлаяпсизларми”, - дейди 2006 йил октябрда ўлдириб кетилган Анна Политковская ишлаган “Новая газета” газетаси бош муҳаррири Дмитрий Муратов.

Журналистлар халқаро федерацияси ҳозир Россия дунёда Ироқдан кейин журналистлар учун энг хатарли давлатга айланганини маълум қилмоқда.

Ташкилот таҳлилчиси Жон Крауфутнинг билдиришича, 1993 йилдан бери Россияда 289 журналист ўлдирилган ёки бедарак йўқолган. Уларнинг энг кичиги 19 ёшда бўлиб, ўтган йил сентябрда ўлдирилган. Бир неча йил олдин ўз уйида пичоқлаб ўлдирилган энг кекса журналист эса 80 ёшда бўлган. Суиқасд қурбони бўлган журналистларнинг қирқ етти нафари аёллардир.

Жон Крауфут сўзларига кўра, ўлдирилган журналистлар сонининг кўплиги кишини хайратга солади. Аммо бу Россияда журналист бўлиш хатарли эканини кўрсатувчи 20 та белгидан бири, холос.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Миклос Ҳарасци журналистларнинг ҳукумат томонидан ҳимоя қилинмаслиги уларга қарши зўравонликлар кучайишига йўл очишини айтади.

“Сўз эркинлигини таҳқир, жисмоний ҳужум ва қотилликдан ташқари яна бир нарса қўрқитади, бу ҳам бўлса, ҳукуматларнинг ана шу таҳқирлар, ҳужумлар ва қотилликларга панжа орасидан қараётганидир”, - дейди ЕХҲТ вакили.

СССРнинг собиқ президенти Михаил Горбачевнинг журналистлар конгрессида фахрий меҳмон сифатида қатнашиши кутилаётган эди. Бироқ анжуман бошланишига бир неча дақиқа қолганда у қўнғироқ қилиб қатнаша олмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG