Линклар

Журналист “қозоқ туркманбошичилиги”га қарши


Қозоғистонда Нурсултон Назарбоевнинг умрбод президент бўлишини таъминлаш учун конституцияга киритилган янги ўзгаришларга қарши чиққанлар тазйиқ ва босимларга учрамоқда.

Куни-кеча “Взгляд” газетаси журналистни Екатерина Беляева Олмаота марказидаги Мустақиллик монументи олдида ёлғиз ўзи норозилик акцияси ўтказди.

Қозоғистонда “бошизм” тузуми ўрнатилишига қаршилигини билдирган журналист мамлакатда демократия борлигини кўрмаётганини айтди.

“Ўтказилаётган ислоҳотларда демократиянинг урвоғи ҳам йўқ. Мен Қозоғистон келажагига бефарқ қарай олмайман. Амалдорларимизнинг демократия томон қўяётган қадамлари эса хўжакўрсинга эканидан афсусдаман. Мен қозоқ “туркманбошичилиги”га мутлақо қаршиман. Шу сабабли бунга ўз муносабатимни билдириш учун Мустақиллик монументи ёнига чиқдим”, - деди журналист.

“Қозоғистон конституциясига киритилган ўзгартишлар - тоталитар тузумга қайтиш йўли” сўзлари битилган плакатни ушлаб турган журналист бироз вақт ўтгач, ўзига жамоатчилик эътиборини торта бошлади. Ёш бўлишига қарамай, сиёсатга қарши чиққан журналистнинг норозилик тадбирини ёритиш учун ҳамкасблари ҳам йиғила бошлади.

“Мен норозилик билдириш учун ёнимга ҳеч кимни жалб қилганим йўқ. Чунки бу митинг сифатида баҳоланиши мумкин”, - деди журналист.

Ҳақиқатан ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимлари журналистнинг ҳаракатини ўзича талқин қилди. Мустақиллик монументи ёнига тезда полиция ходимлари ҳамда прокурор етиб келди. Ўзини танитиш ва ҳужжатларини кўрсатишдан бош тортган ҳуқуқ-тартибот ходими журналистнинг қўлидан маҳкам тутган ҳолда: “Сизнинг бу акциянгиз Олмаота шаҳри ҳокимлиги рухсатисиз ўтказиляпти. Сиз ноқонуний митинг, пикет ёки шунга ўхшаш йиғилишларни ташкил этганингиз сабабли ҳибсга олиндингиз. Шу сабабли қаршилик кўрсатишга уринманг”, - деди.

Воқеа жойида бўлган адвокат Сергей Уткин ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ўзлари қонунга зид иш тутаётганини билдирди.

“Қўлга олинган журналистдан унинг шахсини тасдиқловчи гувоҳномаси сўралмади. Аслида қонун бўйича ҳуқуқ-тартибот ходимлари журналист қайси қонуннинг қайси моддасига қарши иш тутганини билдириши керак. Шу жойнинг ўзида баённома тузилиб, журналистга судга келиши ҳақида хабарнома берилиши керак эди. Аммо ҳуқуқ-тартибот ходимлари журналистни шахсий машинага солиб, номаълум томонга олиб кетди”, - деди адвокат.

Ўтган ҳафтада мустақил журналист Сергей Дуванов ҳам Қозоғистон конституциясига киритилган янги ўзгаришларга норозилик билдириш учун майдонга чиққанида қўлга олинганди. Журналист суд орқали маъмурий жавобгарликка тортилиб, 125 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлди.
XS
SM
MD
LG